Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи икки ҳолатда пора олганликда айбланиб ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида ФВБ бошлиғи (қайси туманга қарашли экани аниқлаштирилмаган) маҳаллий тадбиркор томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериб, эвазига 200 доллар олган.
Кейинроқ тадбиркор ушбу кўп қаватли уйга яқин жойда хусусий мактаб қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб беришини сўраб, яна мазкур мансабдор шахсга мурожаат қилган. Бу сафар у 6 млн сўм талаб қилган.
ДХХ ҳамда Прокуратура органлари тезкор тадбирида туман ФВБ бошлиғи ушбу пул маблағини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
️Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган.
Мазкур модданинг ушбу бандларида назарда тутилган жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
