Ўзбекистон ва АҚШ фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиб, тайёр маҳсулотни экспорт қилади. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, Америка компаниялари зарур технологиялар ва молиявий имкониятларга эга бўлиб, шу билан бирга, вольфрам ва молибден каби муҳим минераллардан тайёрланган маҳаллий маҳсулотларнинг узоқ муддатли истеъмолчилари ҳисобланади.

«Бизнес вакиллари билан ўтказилган учрашувлар доирасида жуда йирик стратегик шартномалар имзоланди. Улар соҳамизда инновацион технологияларни жорий этиш, бойитиш жараёнларини ривожлантириш ҳамда республика ҳудудида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш орқали таъминот занжирларини яратишни назарда тутади», — деди Исломов.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий йўналишларини кўрсатиб ўтди. У АҚШ билан ҳамкорликнинг тўрт устувор йўналиши сифатида энергетика, стратегик хомашё, логистика ва IT соҳасини тилга олди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва АҚШ нодир металларни қазиш, насос станцияларини модернизациялаш, томчилатиб суғоришни жорий этиш, самолётлар, соя дуккаклари ва пахта етказиб бериш бўйича шартномалар имзолади. Хусусан, Геология вазирлиги ва Denali Exploration group компанияси ўртасида нодир ер элементларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.