• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Украинадаги урушда Россия ҳарбийларига озиқ-овқат ташиш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқароси 3 йилга қамалди


17 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган 24 ёшли фуқарога ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Судланувчи А.Қ. 2022 йилда моддий даромад орттириш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига бориб, савдо мажмуаларида тозаловчи бўлиб ишлаб келган ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятни содир этгани учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

«Москва вилояти Люберце мавзесидаги „Глобус“ савдо дўконида 3 ой тозаловчи бўлиб ишладим, сўнгра бошқа савдо мажмуасига ишга ўтдим. 2022 йил 9 сентябрь куни Россия ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олиндим. Бунга Элмира исмли танишим билан кўчада кетаётганимда, унинг ёнидан гиёҳвандлик воситаси топилгани сабаб бўлди. Шу сабабли судланиб, 7 йил қамоқ жазосини олдим», — деди А.Қ. суд мажлисида.

2024 йил ноябрида А.Қ. Екатеринбург шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётганида, муассаса маъмурларининг таклифи билан, белгиланган тартибда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмасдан туриб, Россия фуқаролигини олиш учун ариза топшириб, мамлакат Қуролли кучлари билан шартнома тузган.

«Жазо муддатини ўтаётганимда муассаса раҳбари кўпчилигимизни чақиртириб, умумий тарзда Россия Қуролли кучлари таркибига қўшилиб, Россия-Украина урушига бориш таклифини билдирди. Бунинг учун қамоқдан озод қилишни ва Россия фуқаролигини беришни ваъда қилди. Мен ўшанда бу таклифни рад қилдим. 2024 йил августида ишга ўз вақтида бормаганим сабабли, карцерга жойлаштиришди. У ерда дастлаб 15 кун ўтирдим, карцердан чиқиб 2 кун умумий тартибга ўтдим, бироқ яна карцерга жойлаштиришди ва 3 ой давомида карцерда ўтирдим. 2024 йил ноябрида муассаса бошлиғи чақиртириб, Россия фуқаролигини олиб, Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, урушга бориш таклифини билдирди. Агарда ушбу таклифни рад этсам, жазо муддатига яна 10 йил қўшилишини айтди. Шу сабабли унинг таклифига рози бўлишга мажбур бўлдим», — дея ҳикоя қилди судланувчи.

Сўнг Россия паспортини олиб, «Донецк Халқ Республикаси»даги ҳарбий полигонларнинг бирида дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, Головка шаҳрида махсус тайёрланган «шахта»га жойлашган. А.Қ. тахминан 8 ой давомида уруш майдонида ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган Россия ҳарбий хизматчиларига мотоциклда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш вазифасини бажарган. 2025 йил август ойи ўрталарида армия таркибидан чиқиб кетишни мақсад қилиб, хизмат жойидан қочган ва 28 август куни Москва — Фарғона авиарейси билан Ўзбекистонга қайтиб келган.

«2025 йил февралида ҳарбий хизматчиларга овқат ташиб кетаётганимда Украина дронлари ҳужумига учрадим, шунда чап қўлимнинг билак қисмига ва чап оёғимнинг болдир қисмига осколкалар тегди. Ёнимда бомба портлаши натижасида пешонамнинг юқори қисми тошга тегиб ёрилди. 8 ой давомида ҳарбий хизматни ўташ чоғида 2 маротаба қочишга ҳаракат қилдим, бироқ ушлаб олишди. 2025 йил август ойи ўрталарида у ердан қочиб, 18 август куни Москва шаҳрига етиб келдим. У ерда Ўзбекистон консулхонасига мурожаат қилиб, ватанга қайтиш гувоҳномасини олишга ариза топширдим. 28 август куни гувоҳномани расмийлаштириб, „Внуково“ аэропортидан самолётда Фарғона шаҳрига келдим. Бу ерда мени қўлга олишди», — деди йигит.

Суд ҳужжатларига кўра, А.Қ. урушда иштирок этаётган вақтида яқин қариндошларига ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, Россия Қуролли кучлари сафига киргани, урушда Россия томонида туриб қатнашаётганини маълум қилган. Ҳарбий гувоҳномаси фотосуратини ва хизмати давомида тушган фотосуратларини жўнатиб келган.

А.Қ. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини таъкидлади. Ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб келганини инобатга олиб, енгиллик беришни сўради.

Судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, «Хочу жить» лойиҳаси Россия сафида Украинага қарши жангда ҳалок бўлган яна 481 нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсини аниқлади. Лойиҳага 2023 йилдан бери урушда қатнашган ёки қатнашаётган 2715 нафар ўзбекистонликнинг номи маълум. Ўзбекистоннинг уруш хавфи бўйича тадбирлари етарли эмас, дейди лойиҳа.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *