• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда чиқинди ташувчи машиналар ҳаракатини кузатиш имконини берувчи «Тоза пойтахт» тизими ишга тушди



Чиқинди ташувчи техникалар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи Tozapoytaxt.uz ахборот тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Таъкидланишича, лойиҳа ҳокимлик ва Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида йўлга қўйилган.

«Эндиликда пойтахт аҳолиси Tozapoytaxt.uz сайти орқали чиқинди ташувчи техникалар ҳаракатини GPS тизими орқали реал вақт режимида кузатиш имкони эга бўлди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, аҳолининг чиқиндилар соҳасидаги шикоят ва мурожаатларини қабул қилиш Xalqnazorati.uz платформаси орқали марказлашган тарзда олиб борилмоқда.

Шунингдек, ҳокимлик 2026 йил 1 январдан йўлга қўйиладиган қулайликлар ҳақида маълум қилди:

  • ҳар бир маҳаллага чиқинди ташувчи техниканинг келиш вақти ҳамда йўналишини онлайн кузатиш имконияти яратилади;
  • маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан таъминлаш бўйича икки йиллик дастур эълон қилинади;
  • кунлик чиқинди ҳажми онлайн тарзда очиқ эълон қилиб борилади;
  • фуқаролар томонидан хизматларни баҳолаш механизми йўлга қўйилади;
  • юридик ташкилотлар билан тузилган шартномалар ижроси онлайн мониторинг орқали назорат қилинади.

Қайд этилишича, ушбу янгиликлар чиқиндиларни бошқариш тизимининг янада шаффоф, қулай ва самарали бўлишига хизмат қилади.

Тошкент шаҳрида чиқиндиларни олиб чиқиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилаётгани ва «Тоза пойтахт» тизими ишга туширилаётгани ҳақида ҳокимлик августда маълум қилган эди. 13 августдан Олмазор туманида «Тоза пойтахт» чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жараёнини назорат қилувчи тизими тест режимида ишга туширилган, у 1 сентябргача пойтахтнинг барча туманларида босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган эди.

Президент фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб санитария тозалаш корхоналари чиқинди йиғиш жойларига видеокамералар ўрнатиши, шунингдек, чиқинди ташувчи машиналарни GPS кузатув тизимлари билан жиҳозлаши шарт бўлади. Унда аҳоли шикоятларини қабул қилиш учун алоқа маркази ташкил этиш ҳам кўзда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.

Шунингдек, 1 январдан чиқинди хизматлари учун тўловлар фақат онлайн тарзда амалга оширилади, яъни тўловларни уйма-уй ундириш амалиёти тўхтатилади. Истисно тариқасида, интернет алоқаси бўлмаган, олис ҳудудларда яшовчилар банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» орқали тўлов қилса бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *