Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори лавозимига сайланган Ҳолид ал-Ананийни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси якунлари ва ушбу институт билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Ҳолид ал-Ананийни лавозимга сайлангани билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Ўз навбатида, бош директор президентга ташкилотнинг бош тадбири қўллаб-қувватлангани ва юқори савияда ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида кенг кўламли йўналишларни қамраб олган тизимли ва сермаҳсул ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди. Томонларнинг ҳамкорликни янада фаоллаштириш, жумладан, ташкилотнинг мамлакатдаги лойиҳавий фаолиятини кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани тасдиқланди.

ЮНЕСКО Бош конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларни биргаликда амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги конференциясида мисрлик Ҳолид ал-Ананий тўрт йил муддатга янги бош директор этиб сайланди. У ташкилотнинг ўн иккинчи раҳбарига айланади ва 15 ноябрь куни Одри Азуле ўрнига лавозимга киришади.