Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан «Наркотикларга қарши курашиш фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, кўкрак нишони билан фидойи фуқаролар, биринчи навбатда, ёшлар тақдирланади.
Номзодлар рўйхати Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига ҳар йили 1 майга қадар тақдим этилади.
Кўкрак нишони, қоида тариқасида, ҳар йили 26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.
Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда айрим наркожиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиланади. Гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси жорий этилади. Баъзи жазо чоралари 2 баробарга кучайтирилади.
Президент ноябрь бошидаги йиғилишда Ўзбекистонда синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва тарқатиш ортаётганини маълум қилганди — улар яширин лабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали сотилмоқда. Давлат раҳбари бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, 2027 йилгача мўлжалланган наркожиноятларга қарши курашиш миллий дастурини маъқуллади.
