• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Украинада йирик коррупция можароси. Нималар маълум? – Gazeta


Украинада бир неча кундан бери коррупция можароси тинмаяпти. 11 ноябрь куни мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича бош идоралари амалдаги ва собиқ амалдорлар, шунингдек, таниқли тадбиркор иштирокида энергетика соҳасида коррупция схемаси фош этилганини эълон қилди.

Тергов ҳақида Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (КҚКМБ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КҚИП) — Украина президенти идораси ёзда ўзига бўйсундиришга уринган, аммо мамлакатда норозилик намойишлари бошланганидан кейин чекинган мустақил идоралар ҳисобот берди.

КҚКМБ ва КҚИП аъзолари Украинанинг барча атом электр станциялари оператори бўлган «Энергоатом» давлат корхонасида кенг кўламли талон-торожлик схемасини ишлаб чиққан «юқори даражадаги жиноий ташкилот»ни фош қилганини билдирди.

КҚКМБ ва КҚИП`нинг таъкидлашича, ташкилот аъзолари «Энергоатом» контрагентларидан улар билан тузилган шартномалар қийматининг 10 фоизидан 15 фоизигача маблағ олиб келган. Пудратчилар ўз хизматлари/маҳсулотлари учун тўловларни тўхтатиб қўймаслик ёки етказиб берувчи мақомини йўқотмаслик учун «откат» тўлашга мажбур бўлган. Ушбу амалиёт «шлагбаум» деб номланди, дея таъкидлайди агентлик.

КҚКМБ хабарига кўра, схемада камида етти киши иштирок этган. Уларнинг исмлари ошкор этилмаган, аммо РБК-Украина манбаларига кўра, булар:

  • тадбиркор, ташкилот раҳбари — Тимур Миндич;

  • энергетика вазирининг собиқ маслаҳатчиси — Игорь Миронюк;

  • «Энергоатом» жисмоний ҳимоя ва хавфсизлик бўйича ижрочи директори — Дмитрий Басов;

  • маблағларни легаллаштириш учун тўрт нафар бэк-офис ходими.

РБК-Украина маълумотларига кўра, ишга собиқ энергетика вазири, амалдаги адлия вазири Герман Галушченко ва Украина собиқ бош вазири ўринбосари Алексей Чернишов ҳам алоқадор.

КҚКМБ ва КҚИП версиясига кўра, жиноий ташкилот раҳбари (Миндич) схемага Давлат мулки жамғармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари, кейинчалик энергетика вазири маслаҳатчиси (Миронюк) ва «Энергоатом»нинг жисмоний ҳимоя ва хавфсизлик бўйича ижрочи директорини (Басов) жалб қилган. Тергов версиясига кўра, улар вазирлик ва давлат корхонасидаги алоқаларидан фойдаланиб, кадрлар бўйича қарорлар, харидлар ва молиявий оқимларни назорат қилган.

«Амалда стратегик корхонани бошқариш… расмий мансабдор шахслар томонидан эмас, балки ҳеч қандай расмий ваколатларга эга бўлмаган, аммо „назоратчи“ ролини ўз зиммасига олган бегона шахслар томонидан амалга оширилган», — дейилади КҚКМБ ва КҚИП релизида.

Шу тариқа олинган маблағларни легаллаштириш — уларни ҳисобга олиш ва норезидент компаниялар тармоғи орқали ювиш билан Киев марказида жойлашган жиноий ташкилотнинг алоҳида офиси шуғулланган. «Жами ҳисобда „пул ювиш“ орқали 100 млн долларга яқин маблағ ўтган», — дейилади хабарда.

КҚКМБ ва КҚИП операцияси «Мидас» номини олди ва 15 ойдан ортиқ давом этди. Бу вақт ичида терговчилар 1000 соатлик аудиоёзувни тўплаган ва якуний босқичда КҚКМБнинг деярли барча таркиби операцияга жалб қилинган.

КҚКМБ эшитув фрагментларини 10 ноябрь куни очиқ эълон қила бошлади. Бу ёзувларда одамлар бир-бирини тахаллус билан чақирган, вақти-вақти билан эса ҳақиқий исмларни ишлатган ва жиноий фаолиятнинг турли жиҳатларини муҳокама қилган, деб таъкидлайди BBC рус хизмати. Шундай қилиб, улардан бирида Алексей Чернишов (ёзувларда у «Че Гевара» тахаллуси билан белгиланган) ўзига тегишли нақд пулни яширин офисдан қандай қилиб олиши мумкинлигини муҳокама қилади. КҚКМБ ва КҚИП Чернишовга «откат» сифатида 1,2 миллион доллар ва деярли 100 минг евро нақд пул берилганини ҳужжатлаштириб олганлари ҳақида маълум қилмоқда.

Иш доирасида КҚКМБ ва КҚИП беш киши ҳибсга олингани ва яна етти киши (уларнинг исмлари айтилмаган) гумондор экани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик агентлиги тезкор ходимлари Киев ва бошқа ҳудудларда, жумладан, «Энергоатом»да, шунингдек, Тимур Миндич ва Герман Галушченкога тегишли ерларда 70 дан ортиқ тинтув ўтказган.

Суриштирув Украина жамоатчилигида резонанс келтириб чиқарди. «Энергетика соҳасидаги пора олиш айбловлари, айниқса, қишки совуқлар бошланишидан олдин мамлакат ҳудудининг катта қисмида узоқ муддатли кундалик электр энергияси узилишларига дуч келаётган кенг жамоатчилик учун жуда таъсирчан масала ҳисобланади», — деб ёзмоқда Reuters.

Тимур Миндич ким?

Тимур Миндич — Украинанинг юмор ва концерт дастурларини ишлаб чиқарувчи «Студия Квартал 95» компаниясининг ҳаммуаллифларидан бири. Компания асосчиси Владимир Зеленский эди. 2019 йилда Украина президенти этиб сайланганидан сўнг у компаниядаги улушини бизнес ҳамкорларига топширган.

РБК-Украинининг ёзишича, Миндич Украина медиа ва ишбилармон доираларида кенг алоқалар туфайли танилган. Унинг номи, хусусан, украиналик олигарх Игорь Коломойский ва Зеленскийнинг атрофидагилар билан боғланган.

«Украинская правда» маълумотларига кўра, 2021 йил бошида Зеленский туғилган кунини Миндичнинг квартирасида нишонлаган: Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар улар Киевдаги Грушевский кўчасидаги бир домда яшаган.

2024−2025 йилларда Миндичнинг номи коррупцияга қарши терговлар контекстида тез-тез учрай бошлади, дея таъкидлайди «РБК-Украина». Шунингдек, маҳаллий ОАВ Миндич ва Чернишовни Украина раҳбариятининг КҚКМБ ва КҚИПни мустақилликдан маҳрум қилишга уриниши билан боғлаган.

Миндич «Мидас» операцияси доирасида тинтувлардан бир неча соат олдин Украина ҳудудини тарк этган.

Украина расмийларининг муносабати

Зеленский коррупция можароси фонида энергетика вазири Светлана Гринчук ва адлия вазири Герман Галушенконинг истеъфосини талаб қилди.

«Адлия вазири ва энергетика вазири лавозимда қолиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Бу, жумладан, ишонч масаласидир. Айби бўлса, жавоб беришсин. Лавозимдан четлатиш тўғрисидаги қарор — тезкор, энг тезкор қарор. Украина бош вазиридан бу вазирлардан истеъфо ҳақидаги аризалар олишни сўрадим. Олий рада депутатларидан бу баёнотни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Ва бундан кейин ҳам барчаси ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиниши керак», — деди Украина президенти 12 ноябрь куни.

Шу куни ҳукумат Галушенкони вазир лавозимидан четлаштирди, Гринчук эса истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди. Шунингдек, Украина Вазирлар Маҳкамаси «Энергоатом» кузатув кенгашининг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатди.

13 ноябрь куни Зеленский Миндич ва «Энергоатом»даги коррупция иши бўйича яна бир тадбиркор Александр Цукерманга қарши санкциялар киритди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *