Тошкентда 17 ёшли қизни фоҳишаликка мажбурлаган аёл ушланди, деб хабар бермоқда Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган қизни тазйиқ ва зўравонлик билан фоҳишалик қилишга мажбурлаш ҳолатлари акс эттирилган видео тасвирлар тарқалган. Ҳолат Ички ишлар органлари томонидан ўрганилиб, видеотасвирдаги аёлларнинг шахсига аниқлик киритилган.
Маълум бўлишича, муқаддам жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан судланган 21 ёшли Ш. Т. исмли аёл унга таниш бўлган 17 ёшли М.М. исмли қизни Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонда ушлаб турган. Қизнинг телефон аппаратини олиб қўйиб, сотиб юборган. М.М.нинг ожиз аҳволдалигидан фойдаланиб, унга мунтазам равишда тазйиқ ўтказиб келган.
Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ томонидан гумонланувчи Ш. Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми «а» банди (Жисмоний азоб берган ҳолда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 135-моддаси 3-қисми «а», «б» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали содир этилган одам савдоси) ва 166-моддаси 2-қисми «а» банди (Ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жабрланувчи М.М.га Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан психологик, юридик ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида эркак ов қуроли билан шаръий никоҳида бўлган аёлига таҳдид қилган ва уриб жароҳат етказган эди. Эркакка нисбатан жиноят иши очилган, қурол мусодара қилинган.
