Тошкент ҳавосининг ёмонлигини сезмаслик мумкин бўлмай қолди. Бу мавзу об-ҳаво каби тез-тез муҳокама қилинмоқда, агар ундан ҳам кўпроқ бўлмаса. Ифлосланган ҳаво одамларнинг ҳаёт сифатига, соғлиғига, уйқусига, кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмайди, уларни доимо болалар саломатлиги ҳақида қайғуришга ва Ўзбекистон пойтахтида уларнинг келажаги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Gazeta жамоатчилик фаоллари ва ҳокимлик вакилларидан ифлосланган ҳавонинг таъсирини қандай ҳис қилаётгани, соғлиқни сақлаш учун қанақа чоралар кўраётгани, вазиятни яхшилаш учун қандай таъсир ўтказишга ҳаракат қилишлари ва, умуман, ҳозирги вазият ҳақида қандай фикрда эканини сўради. Экология вазири маслаҳатчиси, экофаол, ҳокимлик матбуот котиби ва пойтахт ҳокими ўринбосари, шунингдек, Масс-медиа фонди директорининг фикрларини келтирамиз.
Расул Кушербаев, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси
Фото: Расул Кушербоевнинг Telegram каналидан.
Ҳаво сифати ёмонлашганини ўзимда ҳис қиламан. Томоқда шамоллаш бўлмаса ҳам, ўзидан ўзи йўтал пайдо бўлади. Томоқ қичишиши доимий… Томоқда чанг йиғилаётгандек туйилади. Аатрофимиздаги яқинларда ҳам шунақа бўлади.
Шунинг учун энди вақти-вақти билан, ҳафтада бир-икки кун Янгийўл туманига кетяпмиз (вазир маслаҳатчиси ўша ердан — таҳр.) қишлоққа. Сабаби шу билан боғлиқ. У ерда ҳаво тоза. У ерда дам олиб келгандек бўламиз…
Тошкентда яшаётганимизга уч йил бўлди, шекилли, ёки ундан ҳам ошди. Янгиҳаёт туманида. Ҳаво сифати жуда таъсир қилади. Мен қийналаман очиғи. Охирги уч-тўрт йилда қаттиқ қийналяпман. Кечаси яхши ухлай олмайман Тошкентда. Ҳаво таркибида кислород камлиги учун мия уйқуга тўйинмайди. Шунинг учун уйқу яхши эмас. Доимий чарчоққа ўхшаган ҳис бор ва бош оғир бўлиб юради.
Шунинг учун ҳафтада имкон бўлиши билан ўша қишлоққа кетаман, Янгийўлдаги уйга. Кечаси, узоқ бўлса ҳам, кўпинча кетаман, ўша ерда уйқуга тўйиб келаман тоза ҳавода. Шу билан ҳафтани ўтказиб оламан. Ҳафтада, масалан, етти кун бўлса, уч-тўрт кун шунақа кетиб қоламан кечқурун дам олиб келгани. Энг асосийси, беш-олти соат ухласам ҳам, қишлоқда уйқуга тўйиб уйғонаман. Тошкентда 10 соат ухласа ҳам, уйқуга тўймайди одам…
Охирги вақтларда миямда Тошкент фақат ишлаш мумкин бўлган, лекин яшаб бўлмайдиган жой бўлиб қолди деган нарса кўп айланяпти, очиғи. Ўз танишларим, яқинларим, соғлиғига бефарқ бўлмаган одамларим бўлса, Тошкентнинг марказидан уй олмоқчиман деса, олма бу ердан дейман. Иложи бўлса, марказдан четроқда, дарахтлар кўпроқ, ҳаво сифати яхшироқ жойдан олавер, марказга қизиқма деб, фикримни айтяпман.
Иш жойимда бу мавзуни доимий муҳокама қиламиз. Оғайниларим, дўстларим билан ўтирганимизда, танишлар билан ўтирганда, ҳаво сифати ёмонлашиб кетаётганини гаплашамиз. Илгари мен айтсам, эътибор қилишарди, ҳозир айтмасам ҳам, ўзи ҳамма билиб турибди. Умумий муҳокама қиладиган мавзулар қаторида доимий равишда Тошкентнинг ҳаво сифати ёмонлиги ҳақида гап бор.
Тадбиркорлар билан гаплашганда, бефарқ бўлмаганлари дарахт экайлик, ташаббус қилайлик, деб ўзлари айтиб ҳам туришади менга. Шу баҳонада Тошкент атрофида, Тошкентда бир қатор жойларга жуда кўп дарахтлар экканмиз. Ҳали ҳам шуни давом эттириб келяпмиз…
Хонада бўлганимда деразалар ёпилади асосан. Ҳавони тозалайдиган аппаратлар олиб, уйга, ишхоналарга қўйиш керак деган фикрдаман. [Ҳозир нарх қимматлик қиляпти. Имконим бўлганида оламан]. Яқинда келиб кетишди. Шунақа ускуналари бор экан. Бир фирма, мен ўзим айтдим, ишхонага келиб синовдан ўтказди ҳам, ўзим хонамда ҳам кўрдим. Хонамда ҳам бунча кўп чанг борлигини билмаган эканман. Деразани очганимизда яна ҳам кўпайди.
Ўйлайманки, яқин вақт ичида Тошкентдаги ҳар бир ишхонанинг ичида ҳавони тозалаб турувчи шунақа ускуналарни қўйишга тўғри келади. Ва ҳар бир хонадон ҳам уй ичига қўйишга тўғри келадиган шароитга етиб қоляпмиз деб ўйлайман. Бу йил бўлмаса ҳам, менимча, бир-икки йилдан кейин кўчаларда ҳам тўлиқ маска тақиб юрсак керак. Шунга қараб кетяпмиз, тўғриси. Ҳозирча чидаб юрибмиз.
IQAir (бутун дунё бўйлаб ҳаво сифатини кўрсатувчи хизмат — таҳр.)ни текшираманми? Тўғрисини айтсам, ҳар доим эмас, лекин баъзан кўриб тураман. Лекин у ерда бир қатор саволлар бор. Қайси метод билан текширяпти ва бошқалар. Шуни тан олиш керакки, IQAir`да қийматлар ошириб кўрсатиляпти. Лекин, умуман олганда, Тошкентнинг ўзида ҳаво яхши эмаслигини кундалик нафас олганда ҳам сезиб турибмиз, тўғриси.
Ҳокимиятлар ва масъуллар энг дарахтзор жойларни кестиришга, қурилишга бериб юборяпти. Шунинг учун Тошкентда табиий равишда тоза кислород камайиб бораётганини кўриб турибман…
Ҳозирча ёшмиз, ўзимиз енга оламиз. Ёши каттароқ вакилларда бу қийин бўлса керак. Ҳозирча бизнинг организм буни енгиб ўтяпти.
Албатта, вазият жуда ҳам хавотирли. «Яшил белбоғ»лар, «Яшил макон» лойиҳалари бор. Бу ишлар сал сустлашиб қолди, чунки ҳукумат томонидан бу алоҳида назоратга олиб, махсус ҳар кунлик ҳисобот сўралмаса, бизда ижро ҳокимиятлари қилмайди бу ишларни, тўғрисини айтиш керак.
Вазиятни ўзгартириш учун ўзим нима қиляпман? Кўпроқ дарахт экишга ҳаракат қиляпман. Дарахт кесилишига қарши одамларнинг фикри ўзгаришига ҳаракат қиляпман. Қанчалик қийин, оғир бўлмасин, бу қонунбузарлар, ким бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жазолансин.
Мана, Чирчиқ дарёмиз атрофида аҳвол ёмонлашиб боряпти. Унга қарши қўлдан келгунча курашяпмиз, ҳаракат қиляпмиз, лекин тизим, яъни ҳукумат ва у ерда юрган каттакон амалдорлар буни хоҳламаяпти. Очиқ айтаман: энг катта табиат душмани — бугун ўша ерда ўтирган, шахсий чўнтагини бойитмоқчи бўлаётганлар, яъни бугун бизнес ва табиатни асраш масаласи аралашиб кетди…
Ҳеч бўлмаса, фуқаро сифатида барибир курашишимиз керак деган ҳаракатдамиз. Давлат хизматчиси сифатида айтсам, кўп қарор, таклиф, лойиҳалар ишлаб чиққанмиз, уни беряпмиз ҳукуматга. Фуқаро сифатида эса ўша дарахтлар экишни кўпайтириш, яшилликнинг камайишга йўл қўймаслик бўйича қанақа жамоат назоратини ўрнатиш мумкин бўлса, шуни ҳам қиляпмиз қўлдан келганча.
Ўзим ҳар йили туғилган кунимда неча ёшга тўладиган бўлсам, шунча дарахт экиш анъанасини йўлга қўйганман ва атрофимдаги дўстларим, танишларим, яқинларимни ҳам шунга даъват қиламан.
Тўй бўлса, туғилган кун бўлса, шу бир кунни еб-ичиш билан ўтказиб юборманглар, шу кунга атаб битта дарахт экинглар, шу қолсин эсдалик бўлиб, шуни анъанага киргизайлик…
Фарзанд туғилганда, дарахт экинг, тўй қилганингизда, дарахт экинг, туғилган кунда дарахт экинг ва ҳоказо. Еб-ичиш билан боғлиқ анъаналарни дарахтга ҳам кўчирайлик, шу таклиф-ғояларни илгари суриб, атрофимдаги одамларни ўзгартиришга ҳаракат қиляпман.
Лекин катта эҳтимол билан мен ҳам вақт ўтиб, соғлиғим балки кўтармайдиган бўлиб қоладиган бўлса, Тошкентдан мажбур бўламиз бошқа ёққа ўтиш-кетишга. Буни ҳам ўйлайман-ку, қаёққа борамиз деган савол бор, тўғриси. Шу боис қўлимдан келганича атрофимда яхши табиат ва мусаффо муҳитни яратишга ҳаракат қиламан.
Агар бу қўлдан келмай, Тошкентда ҳаво яхшиланмаса, албатта, иложи йўқ — одам бу ерда соғлиғи ёмонлашиб, ўлиб кетиши керак эмас-ку. Демак, бошқа ёққа кўчишга мажбур бўламиз.
Ҳозир ниқоб тақиб юраётганим йўқ, очиғи, ниқобим ҳам йўқ. Ковид вақтида бўлган. Бу йил бўлмаса ҳам, секин-секин вақт ўтган сари ниқоб тақувчилар кўпайиб кетса керак Тошкентда.
Ҳозирги шароитда Ўзбекистондаги эмас, чет элдаги мутахассислар Тошкент ҳавосидан сақланиш учун ниқоб тақишни тавсия қиляпти. Энди бизникилар бу оғир ҳақиқатни тан олиши жудаям қийин-да.
Мўтабар Хушвақтова (Urikguli), экоблогер
Суратни Мўтабар Хушвақтованинг ўзи тақдим этди.
Яқинда фарзандли бўлдим. Фарзандим дунёга келгач, бир соат ўтар-ўтмасдан аксиришни бошлади. Врачлар эса буни ҳаво ифлослиги туфайли дейишди. Бу она учун жудаям оғир, чунки мен фарзандимнинг топ-тоза ўпкаларига чанг-ҳаво кираётганини ва мен ҳеч нарса қила олмаётганимни ўйлаб, жуда сиқилишни бошладим.
Нафақат мен, оиламиздаги ҳамма чангни сезади. Чангдан томоғим оғрийди. Мен бунинг айнан чанг туфайли эканини биламан. Турмуш ўртоғимда эса аллергия кучайган. Бутун йил аллергия билан юради, аксиради, чангга аллергияси бор. Қизимда эса доим бурни билан касалликлар бор, бурнида чанг туфайли муаммолар бўляпти ва бу доимий касалликларга олиб келяпти, афсуски. Янги чақалоғим ҳам мана шу ҳаводан нафас оляпти ва аксиришни бошлаяпти.
Уй чангини тозалаганимда, бошқа қилганимда кўраман: жудаям тез чанг пайдо бўлади. Ҳатто чангюткич ишлатилганда ҳам жудаям кўп миқдорда чанг чиқаверади, бу, афсуски, ойналар ёпиқ ҳолда, жудаям кўп марта очмаганимизда, уйда ҳаво тозалагич бўлган ҳолатда шунақа.
Албатта, бу ухлашга жуда ҳам ёмон таъсир қилади. Фарзандларимда буни сезаман, ўзимда. Қишлоққа борсак ёки тоғли жойга борганимизда, яхши ухлаймиз. Шаҳарда эса ҳеч қачон уйқуга тўймаймиз. Доимий чарчоқ, ҳаттоки диққатни бир жойга жамлай олмаслик охирги пайтда сезиляпти менда. Болаларим, қизимда ҳам сезяпман буни. Ва, афсуски, жиззакилик ҳам ортиб боряпти кайфиятимизда.
Бу мавзуни мен ота-оналар билан эмас, обуначиларим билан, қариндошларим билан кўпроқ гаплашаман. Афсуски, ҳамма талвасада ва ҳеч ким айнан нима қилиш мумкинлигини билмайди. Фақатгина уйга ҳаво тозалагич олмоқда. Лекин доимий равишда касалликларни даволаш билан ўтяпти вақтлари.
Уйда ҳавонинг бироз бўлса ҳам тоза бўлиши учун ҳаво тозалагич олганмиз. Хона гулларидан фойдаланаман, жуда кўп хона гулларини сотиб олишга ҳаракат қиламан. Уйда тез-тез намли тозалаш олиб боряпман, чангни артяпман, полларни артяпман, чангюткичдан фойдаланяпман. Ойналарни кўп ҳам очмасликка ҳаракат қиламан ва ҳаво намлантиргичдан фойдаланаман.
Кўчага чиққанда эса ниқоб тақиш, афсуски, доим ҳам қўлимиздан келмаяпти. Фарзандларим хоҳламайди, бошқа қилади. Ҳар доим ҳам тақа олмаяпмиз ва тақмаган пайтимизда томоқ оғриғи, қичишиши кучайяпти.
Афсуски, Ўзбекистондан кетишим, кетишимиз кераклиги ҳақида ўйлантирадиган битта ва ягона сабаб бу — экология. Экологиянинг яхшиланаётганини эмас, кундан кун ёмонлашаётганини кўряпмиз. Ҳаво ифлосланиши эса олдин мавсумий муаммо эди. Фақат куз ва қиш мавсумида бўларди, ҳозир бутун йил давомида ҳаво ифлос. Олдин «майли, куз қиш ўтсин, кейин баҳорда яхши бўлади», дердик. Ҳозир баҳорда ҳам яхши эмас, ёзда ҳам яхши эмас.
Бутун йил бу нарса билан яшаш ва топган пулимизни фақатгина касалликларни даволашга кетказиш ва ҳаттоки ҳали орттирилган, орттирилаётган касалликларимиз ҳақида билмаслик талвасаси одамни жуда ҳам қўрқитади. Афсуски, бу — нафақат ўзимни, балки оила аъзоларимни, мен гаплашаётган ҳамма яқинларни, ўзбекистонликларни қийнаётган муаммо.
Масъул ташкилотлардан эса бир ечим кўрганимиз йўқ ҳалигача, тизимли ечим йўқ. Мана бу йил бундай қиламиз, кейинги йил мана бунақа натижага эришамиз, мана беш йиллик режа, мана ўн йиллик режа деган бир режа ҳам кўрганимиз йўқ.
Агар масъуллар чиқиб, одамлар билан шундай бир режани очиқ-ойдин гаплашса, билмадим, хавф, талваса бироз камайган бўлармиди. Лекин ҳозирча бутунлай умидсизлик, тизимдан ҳам, экология яхшиланишидан ҳам умид, афсуски, қолмаяпти.
Алексей Хен, Тошкент шаҳри ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти бошлиғи
Мен шаҳарнинг шимолий қисмида, иссиқхона хўжаликлари томонидан ҳавонинг ифлосланиши энг кўп сезиладиган Юнусобод туманида яшайман. Душанба куни кечқурун ҳавонинг ифлосланиш кўрсаткичлари жуда юқори эди. Душанбадан сешанбага ўтар кечаси уйга соат учда қайтаркан, ҳавода датчикларсиз ҳам ё тутун, ё туман борлиги кўриниб турарди. Машинадан тушганда, ёқимсиз ҳид сездим. Сешанба куни эрталаб тутун кўтарилди.
Йўл бўйида яшаймиз. Бизга машиналарнинг ҳаракати ва сигналлари шовқини шундоқ келиб туради. Шунинг учун 2020 йилдаёқ уйларга бризер ўрнатган эдим, деразаларни очмасдан, хоналарни шамоллатиш мақсадида. Кўчадан ҳавони сўриб олиб, фильтрдан ўтказиб, уйга ҳайдайди. Ускунада ҳаво сифати анализатори мавжуд. У PM 2,5 ва CO2 даражасини ўлчайди. Аниқ рақамларни келтира олмайман, лекин индикатор фақатгина 2021 йилда чанг бўрони пайтида қизил рангда ёниб турган.
Оиламиздаги болалар аллергик бўлиб туғилган. Улар 13 ва 16 ёшда. Афтидан, улар ҳаво ифлосланиши ҳақида кўп гапирилмаган йилларда туғилган. Лекин яқинда 80-йиллар охирида Тошкентдаги ифлосланган ҳаво мавзуси кўтарилган видеони кўрдим. Телевидение тутун чиқаётган ва ифлосланаётган фабрикалар, заводларни суратга оларди.
Менимча, минтақамизнинг ўзи чанг-тўзонли. Атрофда чўллар, қозоқ даштлари кўп. Умуман олганда, минтақада шамол эсиши ёмон. Илгари ҳам кўмир ёқилган, бундай газлаштириш бўлмаган. Муаммо ҳар доим бўлгандек туйилади, лекин ҳозир датчиклар жуда кўп ва шунинг учун бу ҳақда гапирилмоқда.
Тўғри, илгари бунча транспорт бўлмаган, лекин Жаҳон банки ва Ўзбекистон Экология вазирлиги тадқиқотига кўра, Тошкентда ҳавонинг ифлосланишида транспортнинг улуши унчалик катта эмас, чунки машиналар йил бўйи кўп. Бизда эса мавсумий ифлосланиш мавжуд.
Биз Рақамли ривожланиш департаментида яратган Open Data Tashkent порталида ҳаво ифлосланишининг уч йиллик аналитикаси мавжуд. У айнан иситиш мавсумида ифлосланиш даражасининг ошишини аниқ акс эттиради.
2024 ва 2025 йил бошида ҳавонинг ифлосланиш даражаси. Манба: Open Data Tashkent.
2024 ва 2025 йил ўрталарида ҳавонинг ифлосланиш даражаси. Манба: Open Data Tashkent.
2024 ва 2025 йилларда иситиш мавсуми бошланиши билан ҳавонинг ифлосланиш даражаси. Манба: Open Data Tashkent.
Менимча, агар илгари вазият яхшироқ бўлган бўлса, бу «ифлос» ёқилғидан фойдаланадиган иссиқхоналар сони кўп бўлмагани билан боғлиқ. Ҳозир бизда илгари бўлмаган барра сабзавотлар ҳар доим бор. Буларнинг ҳаммаси иссиқхоналарда етиштирилади. Янги сабзавотларни дастурхонда сақлаб қолиш, аммо ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтиришда иссиқхоналар учун энергия ечимини излаш керак.
Иссиқхоналардан жуда кўп тутун чиқмоқда. Бутун тутун Тошкент бўйлаб шимолдан жанубга томон тарқалади. Шу боис бу зарбани биринчи бўлиб Олмазор ва Юнусобод туманлари қабул қилмоқда.
Буни қандай ҳал қилиш керак? Ўтган йилиёқ Экология вазирлиги, Молия вазирлиги ва Жаҳон банки муаммони ҳал этиш бўйича музокараларни бошлаган эди. ЖБ ҳозирда тадқиқот ишлари ва молиялаштириш нуқтаи назаридан ёрдам беришга тайёр. Лекин гап Тошкент муаммоси ҳақида эмас, балки Марказий Осиё минтақаси муаммоси ҳақида бормоқда. Олмаота, Бишкек, Остонадаги ҳавонинг ифлосланиш даражасига қаранг. Тошкент эса Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан фақат IQAir датчикларининг кўплиги билан ажралиб туради.
Шаҳар миқёсида ҳам муаммо ўрганилмоқда. Бош прокуратура, шаҳар прокуратураси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда штаб ташкил этилган. Иссиқхоналар ҳар куни текширилмоқда. Муаммони агломерация даражасида ҳал қилиш керак, чунки вилоят шаҳар билан ягона ҳаво оқими орқали боғланган: шамол тутунни Тошкент бўйлаб ҳам, вилоят бўйлаб ҳам бир хил тарқатади.
Гулноза Қосимова, Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби

Ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият барчамизнинг дардимиз ва жиддий муаммомиздир. Оиламда аҳолининг заиф қатламига кирувчи одамлар бор, шунинг учун уйда доимий равишда ҳаво тозалагич ишлайди.
Ниқоб тақмайман, лекин тақишни ҳаммага қатъий тавсия қиламан.
Муаммони визуал ва ментал жиҳатдан ҳис қиляпман, лекин нафас олиш қийинлашди, деб айта олмайман. Аммо тушунаман — бу шунчаки хавфсизлик иллюзияси. Куйинди ҳидини сезмаяпман, чунки иссиқхона хўжаликларидан узоқда (Мирзо Улуғбек туманида) яшайман.
Кислород етишмовчилигини енгишга кондиционер ёрдам беради, уни ухлашдан тахминан бир соат олдин ёқаман. Шу билан бирга, ҳар куни квартирани шамоллатиб тураман — дераза ва эшикларни ҳеч бўлмаганда кунига бир марта очаман.
Вазият чиндан ҳам ташвишли. Қувонарлиси, Бош прокуратура экологик масалаларни ҳал этишга киришди, маҳаллий ҳокимликлар эса дарахтлар экиш, суғориш ва бошқа чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
9 ноябрь куни бош прокурор ўринбосари иштирокида пойтахт атрофидаги иссиқхоналар бўйлаб тунги рейд чоғида олинган сурат. Манба: Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати.
Бир лаҳзада натижани кутиш мумкин эмаслигини тушунаман, лекин, умид қиламанки, изчил ва ҳамкорликда иш олиб борилса, яхшиланишлар, албатта, сезиларли бўлади.
Жаҳонгир Азимов, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори
Фото: Масс-медиа фонди.
Ҳаво сифати ёмонлигини ҳам визуал жиҳатдан, ҳам ўз организмимда ҳис қилиб турибман.
Биринчидан, ифлосланган ҳавони оддий кўз билан кўриш мумкин. Яқинда автомобилимда Tashkent City томон кетаётиб, ЦУМ олдида светофорнинг қизил чироғида тўхтадим. Ҳаво ифлослиги сабабли NestOne`нинг тепа қисми кўринмай қолганди. Бу кўп нарсадан дарак беради.
Иккинчидан, аллергик бўлиб қолдим. Фақат мен эмас. Оиламда ҳамма аллергик бўлиб қолган. Аллерголог ва иммунолог кўригидан ўтдим. Айниқса, аллергия мавсумида кўзларим қичиши, тинимсиз аксириш, томоғим ачишиши азоб беради. Аммо бошқа ҳар қандай кунда ҳам томоқ қуриши ва ачишиши бор.
Ниҳоят, ҳаво сифатининг ёмонлашуви деярли ҳар куни дераза токчаларига тўпланиб қолаётган қалин чанг қатламида ҳам кўринмоқда.
Ҳаво сифатининг ёмонлашиши уйқу сифатига ҳам таъсир қилади. Мен бу масалани аллерголог билан муҳокама қилганим учун шундай фикрдаман. Мия етарли миқдорда кислород ола олмайди.
Бошқа томондан, ҳамма нарсани ҳаво сифатига тўнкаш ҳам нотўғри. Ахир, уйқуга ишда ўтказилган соатлар, уларнинг интенсивлиги, стресс ва бошқа омилларнинг кўплиги ҳам таъсир қилиши мумкин. Яъни ҳаммасини комплекс кўриб чиқиш керак.
Афсуски, ифлосланган ҳаводан ҳимояланишнинг иложи йўқ, аммо биз ҳаво ифлосланишининг соғлиғимизга етказадиган зарарини камайтириш учун бир қатор огоҳлантирувчи чораларни кўрмоқдамиз.
Биринчидан, ўз микроиқлимимни яхшилашга ҳаракат қиляпман. Бунинг учун ҳаво намлагичдан фойдаланаман ва хонамга кўплаб хонаки ўсимликларни жойлаштирдим. Аллергия касаллиги билан оғриган бемор сифатида ҳаётни ҳаво намлагичсиз тасаввур қила олмайман. Нам ҳаво тўйиб нафас олишимга ёрдам беради, шунингдек, томоқ ва бурундаги қичишишни камайтиради.
Иккинчидан, иммунитетимни мустаҳкамлаш учун кўп суюқлик ичиш ва тўғри овқатланишга ҳаракат қиламан. Баъзиларга витаминлар ичиш тавсия этилади. Мен эса бунақа қилганим йўқ, чунки витаминларни дўстингиз қабул қилаётгани ёки ажойиб рекламани кўриб қолганингиз учун эмас, балки иммунолог буюргани учун ичишингиз керак.
Менга иммунолог, аксинча, витаминларни таблетка шаклида қабул қилишни тақиқлади, чунки бу иммунитетимга зарар етказиши мумкин экан, бу эса аллергияга нисбатан реактивликни оширади.
Умуман олганда, жуда қайғули манзарани кузатмоқдамиз, лекин ҳиссиётларга берилмайман. Ҳавонинг ифлосланиши, бир томондан, географик ва тарихий мойиллик, иккинчи томондан, приоритетларнинг нотўғри белгиланиши кетма-кетлиги ва, учинчи томондан, чорасизликдир.
Журналист сифатида ҳавонинг ифлосланиши, кўкаламзорлаштириш, чанг-тўзон ҳақида бир қанча материаллар ёздим. Мен бу географик ва тарихий мойиллик деганда, Марказий Осиёнинг арид иқлими, чўл ерлари ва минтақа сув ресурсларидан нооқилона фойдаланишнинг узоқ тарихини назарда тутяпман.
Ахир Ўзбекистонда ҳаво фақат қишда эмас, йил бўйи ифлос бўлади. Бу Тошкент вилояти ҳудудидаги ерларнинг деградацияси туфайли ҳам, Орол денгизининг қуриши ва қум бўронлари туфайли ҳам, Қозоғистон ҳудудидан бизга келаётган чанг бўронлари туфайли ҳам содир бўлмоқда. Мазкур далиллар устидан қанчалик кулинмасин, лекин бу — ҳақиқат. Мен бу ҳақда «Чангимиз ДНКси» номли лонгридимда ёзгандим.
Приоритетларнинг нотўғри белгиланиши кетма-кетлиги деганда мен нотўғри кўкаламзорлаштириш ишлари ва қурилишдаги оммавий бумни назарда тутяпман.
Маълумки, 2010-йиллардан кейин Тошкентда ва бутун Ўзбекистонда игнабаргли дарахтлар билан кўкаламзорлаштириш урфга кирди. Бироқ игнабарглилар — улар оммавий равишда экилганда — аҳоли саломатлигига улкан зарар етказади. Ўзбекистонда кўплаб тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, улар Ўзбекистон аҳолиси орасида аллергик касалликларнинг асосий сабаби игнабаргли ўсимликлар эканини исботлаган.
Яқинда мен яшил фони игнабаргли дарахтларга бой бўлган чет элдаги бир шаҳарда бўлдим. Худди Тошкентда учратиш мумкин бўлган дарахтлар каби, фақат биттаси бундан мустасно: уларнинг ранги тўқ яшил, танаси қорароқ ва бақувватроқ, умуман олганда, дарахтлар бўйи анча баланд. Бунинг сабаби ҳавода намликнинг юқори концентрациясидир. Нинабарглиларга Ўзбекистонда бўлмаган намлик керак.
Худди шу тоифага Тошкентдаги оммавий қурилишларни ҳам киритиш мумкин. Афсуски, бизда уйлар қурилиши суръати дарахтлаштиришдан тезроқдир. Эрталаб Лисуновдан Махтумқули кўпригига қадар юрсангиз, чанг устун-устун бўлиб кўтарилган бўлади, кечаси эса йўлни умуман кўриб бўлмайди.
Иқлим инқирози туфайли одамлар Ўзбекистонни тарк этса, бу янги қурилган бинолардаги квартираларни сотиб оладиган ҳеч ким қолмаслигини ангатишини тушунишимиз лозим. Экологик миграция аллақачон ҳақиқий муаммодир. Иқлим ўзгариши — ҳақиқий муаммо.
Чорасизлик эса иситиш мавсумида ҳаво ифлосланишининг кучайишидир. Кўпчилик иссиқхоналардан шикоят қилади. Тошкентликлар дардига шерикман. Мен ҳам шу ҳаводан нафас оламан. Лекин ҳозирча бу муаммонинг ечимини кўрмаяпман. Билмадим. Мен эколог ҳам, инженер ҳам эмасман.
Бошқа аҳоли каби мен ҳам тоза шаҳарда, иссиқ ва шинам жойда яшашни хоҳлайман. Аммо бу чорасизликда бир йўлни танлаш керак бўлса, бизнинг совуқ ва қуруқ қишимизни ҳисобга олган ҳолда, менимча, кўпчилик тоза ҳавода нафас олишдан кўра уйда иссиқ ўтиришни маъқул кўради. Чорасизлик муаммоси ҳам шунда.

