• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ғалати ишлар», «Ҳайвонлар шаҳри 2», «Устаси фаранглар 3» — бу ой нима кўрамиз?


Ноябрь дайжестини «Йиртқич» франшизасига янги нафас олиб кирган Дэн Трахтенбергнинг янги картинаси билан бошлаймиз. Бу ой томошабинларга «Йиртқич — Ўлим сайёраси» (Predator: Badlands) фильми тақдим этилди.

«Йиртқич — Ўлим сайёраси»

Бундан аввал режиссёр «Ўлжа» (Prey) фильми ва «Йирқич: қотиллар қотили» (Predator: Killer of Killers) анимацион фильмини тақдим этган эди. Ҳар иккала асар ҳам томошабинлар, ҳам кинотанқидчилар томонидан яхши кутиб олинган.

«Чунки Дэн Трахтенберг машҳур франшизани шунчаки экплуатация қилмасдан, оригинал ғояга ҳурмат-эҳтиромни сақлаган ҳолда йиртқичлар оламига янада чуқурроқ назар солиш имконини бермоқда. Арнольд Шварценеггер курашган «йиртқичлар» — сизу бизга ўхшаган биологик тур. Улар ўз космик кемасида сайёралар ва даврлараро саёҳат қилиб, ҳар бир планета ва ҳар бир даврнинг энг кучли жангчиси билан ҳаққоний урушда беллашадилар. Бу — уларнинг ҳаёт мазмуни. Биз қайсидир маънода «Йиртқичлар кодекси»ни англамоқдамиз. Навбатдаги фильм ҳам айнан шу мавзуда», — дейди Сарвар Каримов.

Фильм сюжетига кўра, жамоасидан қувғин қилинган йиртқич Дек хавфли Калиск сайёрасига йўл олади. У отасига ва бутун қабиласига ўзининг жамоа аъзоси бўлишга муносиб эканини исботламоқчи. Янги сайёрада у Тия исмли мажруҳ киборг билан танишиб, ҳамкорлик ўрнатади. Шу тариқа икки дўст биргаликда энг хавфли рақибни излай бошлайди.

«Хуллас, дадасига ниманидир исботламоқчи бўлган ўспирин ҳақидаги фильм. Фақат ўспириннинг аҳволи сал ғалатироқ. Лекин киборг ролида — латофатли Эль Фаннинг. Томоша қиламиз», — дейди Сарвар Каримов.

«Югураётган одам»

Бу ой Арнольд Шварценеггер ижросидаги яна бир 80-йиллар фильмининг ремейки тақдим этилди. Мазкур фильмнинг бир қизиқ жиҳати бор. Эски фильм продюсери Роб Коэн Ричард Бахманнинг 1982 йилда ёзилган «Югураётган одам» романини экранлаштириш ҳуқуқини сотиб олаётганида бу тахаллус остида Стивен Кинг ижод қилаётганини билмаган ҳам.

Фильмнинг янги талқинида бош ролни Голливуд осмонида порлаётган янги юлдуз Глен Пауэлл ижро этган. Режиссёр эса Эдгар Райт («Шон исмли Зомби», «Скотт Пилигрим барчага қарши»).

Фильм сюжети қуйидагича: Яқин келажак. Ночор ота Бен Ричардснинг яккаю-ёлғиз қизи — оғир бемор. Қизини даволаш учун ота катта пул ваъда қилинган «Югураётган одам» шафқатсиз реалити шоусида иштирок этади. Қоида жуда оддий: иштирокчилар 30 кун давомида тиш-тирноғигача қуролланган қотиллар таъқибидан омон қолишлари керак. Ушбу фильм ҳам 5 ноябрдан катта экранларда намойиш этилмоқда.

«Устаси фаранглар 3»

Афсонавий «Тўрт чавандоз» яна бирлашиб, мисли кўрилмаган ўғриликка қўл уришмоқда. Аммо бу сафар уларга ёш авлод иллюзионистлари ҳамроҳлик қилади.

Сюжетга кўра, қаҳрамонлар халқаро жиноий уюшманинг пулларини «ювиш» билан шуғулланувчи «Вандерберг» корпорациясини чув туширишга қарор қилишади. Табиийки, бу жараён ажойиб фокус, сеҳр ва афсунларга бой томошалар ҳамроҳлигида кечади.

Фильмда асосий ролларни Жесси Айзенберг, Вуди Ҳаррельсон, Дэйв Франко, Айла Фишер, Розамунд Пайк, Морган Фриманлар ижро этган. Режиссёр эса «Веном», «Анчартед» ва «Зомбилендга хуш келибсиз» картиналари орқали таниш бўлган Рубен Фляйшер. Фильмни 13 ноябрдан кинотеатрларда томоша қилиш мумкин.

«Ёвуз 2» ва «Ҳайвонлар шаҳри 2»

Янги йил яқинлашгани сари кинотеатрларда оилавий мавзудаги фильмлар кўпайиши ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳафта томошабинларни оилавий кўрса бўладиган иккита сиквел кутмоқда экан.

20 ноябрдан Ариана Гранде ижросидаги «Ёвуз» мюзиклининг, 26 ноябрдан эса «Ҳайвонлар шаҳри» мульфильмининг давомини кўрса бўлади.

«Шахсан ўзим айёр тулки Ник ва полициячи қуён Жудининг саргузаштларини кўпроқ кутмоқдаман», — дейди Сарвар Каримов.

Шунингдек россиялик киноижодкорлардан рус халқ эртаклари асосидаги «Маша и Медведи» ҳамда «Яга на нашу голову» фильмлари ҳам айнан оилавий аудиторияга мўлжалланган. Иккинчи фильмда ялмоғиз кампир ролида Светлана Ходченкова кўриниш берган.

«Дунёларни вайрон қилувчи»

Милла Йововични соғинганлар борми орамизда? Агар бор бўлса — навбатдаги премьерамиз сиз учун: «Дунёларни вайрон қилувчи».

Постапокалипсис жанридаги мазкур фильм сюжетига кўра, 5 йил муқаддам реалликнинг узилиши туфайли бизнинг оламимизга бошқа ўлчамдаги номаълум мавжудотлар кириб келади. Инсоният ва махлуқотлар ўртасида қонли уруш бошланиб, цивилизациямиз қулайди. Люк Эванс ижросидаги Ота ўз фарзандини кимсасиз оролга яшириб, осойишта ҳаёт кечирмоқчи бўлади. Аммо тез орада улар Ер шарида энди хавфсиз жой қолмаганини англаб етишади.

Картина режиссёри — Брэд Андерсон. Кристиан Бейл 30 килограмм вазн ташлашига сабаб бўлган 2003 йилги «Машинист» фильмини айнан мана шу режиссёр тасвирга олган.

«She Rides Shotgun»

Меҳрибон ота ва ҳаёти хавф остида қолган фарзанд мавзусини давом эттирамиз. Кейинги премьера — «She Rides Shotgun».

Собиқ маҳбус Нейт жиноят олами билан алоқаларини узишни истайди. Шу сабабдан қамоқдан чиққач, ўзининг 11 ёшли қизи Полли билан танишади. Аммо қонли ўтмиш Нейтни таъқиб қилаверади: тез орада унга қарши ов бошланади. Душман шафқатсиз ва ортга чекинишни истамайди, аммо Нейт ҳам ўзининг энг қадрли инсонини ҳимоя қилиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслигини исботлайди.

Фильмда бош ролни «Кингсман», «Рокетмен» ва «Тетрис» фильмлари орқали танилган британиялик актёр Тэрон Эжертон ижро этган. Afisha.uz сайтидан ўзингизга қулай сеансни танлаб, фильмни катта экранларда томоша қилинг. Трейлерга кўра, кино отишмаю пойгаларга бой бўлади.

«Жекпот»

«Галактика соқчилари»даги Драксни эслайсизми? Бу ролни қойилмақом ижро этган профессионал рестлингчи Дэйв Батиста — жудаям яхши комик актёр. 2019 йилда режиссёр Майкл Даус Батиста ижросида «Stuber» деб номланган жангари комедияни тасвирга олган эди. Бу ой эса мана шу дуэтдан янги фильм тақдим этилмоқда: «Жекпот».

Cюжетга кўра, суперагент Сил ўз жамоаси билан чегара ҳудудларида Мексика картелини овламоқда. Жиноятчилар ҳам уларга қарши уруш эълон қилган. Рақиблар бир-бирини кўриши билан ўқ узишни канда қилмайди.

Бироқ кутилмаганда учинчи томон ўйинга қўшилади. Кимдир картель омборларини талон-тарож қилади ва бир неча кун ичида миллионлаб доллар ғойиб бўлади. Номаълум шахс банкда ҳисоб рақами очиб, барча пулларни муҳтожларга тарқата бошлайди. Энди замонавий «Робин Гуд»нинг ҳаёти уни биринчи бўлиб ким топишига боғлиқ — полициячиларми ёки картель каллакесарлари.

Фильм режиссёри Майкл Даус, унинг «8 битли Рождество» деб аталган фильми ҳам мавжуд.

«Ғазаб» (Just Breathe)

«Strange Darling» фильми қаҳрамонларидан бири Кайл Галнер бош ролни ижро этган «Ғазаб» фильми ҳам шу ой тақдим этилди.

Сюжетга кўра, Ник севгилиси Меллга турмуш қуришни таклиф қилгандан сўнг ресторан официантини дўппослаб, қамоққа тушади. Бир йил ўтгач эса намунали хулқи туфайли шартли равишда озодликка чиқарилади. Афсуски, Ник қамоқдалигида унинг қаллиғи Честер исмли йигит билан дон олишиб юрган экан. Буни қарангки, ўша Честер қаҳрамонимизнинг назоратчи инспектори бўлиб чиқади. Честернинг бу фитнаси Никни қутурган кўппакдек ғазаблантиради.

«Имконим бўлса сени бир тепардим»

Мазкур фильм сюжетига кўра, Линда исмли қаҳрамон муаммолар гирдобида қолиб кетади. Денгизчи эри ойлаб уйга келмайди, ногирон қизининг аҳволи эса кундан кунга оғирлашмоқда. Иқтисодий қийинчиликлар сабабли у тиббий муолажаларни қолдиришга мажбур бўлади ва шу сабаб шифокорлардан дакки эшитади.

Устига-устак уйда шифт тешилиб, томдан сув оқишни бошлайди. Линда ногирон қизи билан арзон меҳмонхонага номаълум муддатга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

Фильмдаги ижроси учун Роуз Бирн «Берлин» фестивалида энг яхши актриса сифатида «Кумуш айиқ» мукофотига лойиқ топилди.

Қисқа тавсиялар

Ҳоррор жанридаги фильмларни ёқтирганлар бу ойда «Ўроқчининг туни» картинасини томоша қилиши мумкин. Фильм номи рус тилига «Хэллоуин. Ночной кошмар» деб ўгирилган, лекин унинг Карпентер «Ҳэллоун»ига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шунингдек, ноябрда «Паранормал ҳодиса. Шовқин» фильми ҳам экран юзини кўради. Бу картина кореялик киноижодкорлар томонидан яратилган бўлиб, унинг Blumhouse студиясига тегишли «Паранормал ҳодиса» франшизасига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аммо корейс ҳоррорларига қизиқсангиз — фильмни ўтказиб юборманг.

«Ўзга дунё» франшизаси орқали томошабинларга яхши таниш бўлган Кейт Бекинсейл ҳамда афсонавий Клинт Иствуднинг ўғли Скотт Иствуд ижросидаги «Ўғирланган қиз» жангари триллери ҳам шу ой катта экранларга чиқди.

Сюжетга кўра, Маранинг собиқ эри Карим қизини яширин равишда ўз ватани — Сурияга олиб кетади. Мара қизини қайтариш учун Марказий разведка бошқармаси ходими Митч билан тил бириктиришга мажбур бўлади.

Шунингдек, биз ўтган сафар тавсия қилган «Бугония» ва «Шелби Оукс» фильмлари ҳам ҳамон кинотеатрларда намойиш этилмоқда.

Энг муҳим тавсиямиз — «Ғалати ишлар» сериалининг якуний мавсуми. У ҳам ноябрда намойиш этила бошлайди. 26 ноябрда томошабинлар 8 қисмли сўнгги мавсумнинг илк 4 қисмини Netflix платформасида кўриши мумкин бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *