Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги постда Қашқадарёдан Тошкентга олиб кетилаётган истеъмолга яроқсиз 677 кг гўшт маҳсулоти тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

«Манас 14» йўл-патруль хизмати масканида Чироқчи туманида яшовчи ҳайдовчилар бошқарувидаги иккита Cobalt автомобили тўхтатилиб, юкхона ва салонлари текширилган.

Натижада жами 1897 кг оғирликда йирик шохли ҳайвонга тегишли гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда, ташиш қоидаларини бузган ҳолатда Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетилаётгани маълум бўлган.

Экспертиза хулосасига кўра, 677 кг гўшт инсонлар истеъмоли учун яроқсизлиги аниқланиб, ёқиш йўли билан йўқ қилинган. Маҳсулот эгаларига нисбатан эса тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик белгиланган.