• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб бепул тиббий ёрдам олиш тартиби қандай ўзгаради?


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 ноябрдаги қарори билан давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди.

2026 йил 1 январдан кучга кирадиган ҳужжат билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган давлат ва хусусий клиникаларга фуқароларни йўналтириш қоидалари белгиланди.

Тартиб шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамга татбиқ этилмайди, у аввалгидек шошилинч тарзда кўрсатилади.

Электрон йўлланма

Низомга кўра, бюджет ҳисобидан тиббий ёрдам беморга режали стационар даволаниш учун давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасини танлаш ҳуқуқини берувчи QR кодли электрон йўлланма асосида кўрсатилади.

Имтиёзли тоифага кирувчи беморлар (ногиронлиги бўлган болалар, етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ишламайдиган ёшга доир пенсионерлар, шунингдек, хизмат бўйича пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги шахслар, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ойлик даромади энг кам истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оила аъзолари ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон ахборот тизими орқали шифохоналарга юборилади. Тизим автоматик равишда имтиёз мавжудлигини аниқлайди ва чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун солиқ резиденти мақомини текширади.

Йўлланмасиз шифохонага мурожаат қилган фуқароларга пуллик асосда ёрдам кўрсатилади, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.

Давлат бюджети ҳисобидан ёрдам қай даражада кўрсатилади?

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам йўлланма асосида тиббиёт ташкилотларида (пуллик бўлимлар, муассасалар ва койкалардан ташқари) кўрсатилади.

Туман ва вилоят даражасида ёрдам барча тоифадаги фуқароларга (2026 йил 1 январгача), ушбу санадан кейин эса фақат президентнинг 2024 йил 5 сентябрдаги (ПҚ-311) қарори билан белгиланган тоифаларга кўрсатилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
  • Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун зарур бўлган солиқларнинг белгиланган миқдорларини тўлаган шахслар;
  • вояга етмаганлар, таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари;
  • ҳомиладор аёллар ва икки ёшгача бўлган бола парвариши билан банд бўлган шахслар;
  • меҳнат органлари томонидан ишсизлар сифатида расман рўйхатга олинганлар;
  • пенсионерлар, кам таъминланган ёки камбағал деб эътироф этилган оила аъзолари.

Республика даражасида фақат имтиёзли тоифадаги беморларга ёрдам кўрсатилади.

Электрон тизим ва комиссиялар иши

Барча йўлланмалар, навбатлар ва шифохонага ётқизиш электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Беморнинг маълумотлари асосида шифохонага ётқизиш тўғрисидаги қарорни ҳудудий ва республика тиббий танлов комиссиялари (ТТК) қабул қилади.

Агар ҳудудий комиссия республика даражасида даволаниш зарурлигини аниқласа, материаллар республика ТТКга юборилади, у икки иш куни ичида хулоса беради.

Йўналтириш жараёни

Бемор бириктирилган оилавий поликлиникага мурожаат қилади.

Оилавий шифокор уни туман ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор доирадаги мутахассисига юборади. Режали касалхонага ётқизиш учун кўрсатмалар бўлмаса, беморга амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар берилади ва у оилавий шифокор назоратига қайтарилади.

Кўрсатмалар мавжуд бўлганда тор мутахассис ёки оилавий шифокор госпитализация учун электрон йўлланмани расмийлаштиради.

Бемор ЙИДХП портали (my.gov.uz) ёки мобил илова орқали мустақил равишда 30 кун ичида Тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома тузган шахслар орасидан клиникани танлаши керак. Суғурта тизими жорий этилмаган ҳудудларда бемор доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) даражасидаги стационарга юборилади.

Агар бундай муассаса керакли ёрдамни кўрсата олмаса, бемор ўз танловига кўра ҳудудий, республика ёки хусусий тиббиёт муассасасига юборилиши мумкин.

Шакллантирилган йўлланма 60 кун давомида амал қилади.

Бемор томонидан тиббиёт муассасаси танланганда йўлланма нархи тизимда автоматик тарзда аниқланади ва жорий чорак (йил) учун бюджетдан жамғармага ажратилган маблағлар қолдиғи билан солиштирилади.

Агар қолдиқ йўлланма қийматидан ошиб кетса, йўлланма тасдиқланади, маблағлар қолдиғи эса тегишли суммага камайтирилади. Агар қолдиқ бундан кам бўлса, йўлланма кейинги чоракка (йилга) электрон навбатга ўтказилади.

Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш

Кам таъминланганлар реэстрига киритилган оилалар, шунингдек, бир кишига тўғри келадиган даромади энг кам истеъмол харажатларининг икки бараваридан (1,338 млн сўм) ошмайдиган оилалар учун йўлланма «маҳалла еттилиги»нинг мажбурий қарори билан расмийлаштирилади ва тизимга юкланади.

Бундай беморларни даволаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Агар у шартномадан ташқари ўтказилса, харажатлар «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Тегишли ТТКнинг хулосасисиз беморларни тўғридан-тўғри хусусий тиббиёт муассасаларига юбориш мумкин эмас.

Беморларни қабул қилиш ва хабардор қилиш қоидалари

Тиббиёт муассасалари қуйидагиларга мажбур:

  • беморларга иш тартиби, шифокорлар ва хизматлар рўйхати тўғрисида бепул ва ишончли ахборот тақдим этиш;
  • йўлланма бўйича ёрдам кўрсатиш доирасида ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация қилиш, тасдиқланган хизматлар ҳажмига киритилган дори воситалари ва тиббий буюмлардан фойдаланганлик учун тўлов ундирилишига йўл қўйилмайди;
  • беморга тиббий ҳужжатлардан бепул кўчирмалар (асл нусхасиз) бериш.

Агар даволаниш давомида бошқа касалликлар аниқланса, бемор даволанишни ўша шифохонада давом эттириши мумкин. Бунда:

  • хизматлар тасдиқланган базавий тарифлар доирасида қопланади;
  • йўлланмадаги ташхис электрон тизимда ўзгартирилиши мумкин, бунда ўзгаришларнинг тўғрилиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назорат қилинади;
  • умумий суммага тизимда автоматик тарзда тузатиш киритилади;
  • даволашнинг иложи бўлмаса, беморни навбатдан ташқари бошқа муассасага ўтказиш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштирилади.

Алоҳида ҳолатлар

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган руҳий ҳолати бузилган беморлар тўғридан-тўғри ихтисослаштирилган республика муассасаларига юборилади.

Юқумли касалликларга чалинган беморлар электрон квоталар бўйича республика юқумли касалликлар шифохоналарига юборилади.

Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш 2017 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Унинг ишга туширилиши бир неча бор кечиктирилди. Жорий йилнинг май ойида президент тиббий суғурта тизимини жорий этишдаги «сурункали кечикиш»ни танқид қилган эди. Ўша пайтда ҳали Электрон рецепт, Электрон поликлиника, Электрон шифохона тизимлари ишга тушмаган эди. Соғлиқни сақлаш вазирининг икки ўринбосари лавозимидан озод этилди, яна бири огоҳлантирилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *