• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент атрофида айланма темирйўллар қурилади — транспорт вазири



Ўзбекистон темирйўл транспорти соҳасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда 13 ноябрь куни президент ҳузуридаги йиғилишдан кейин транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар транзитни тезлаштириш ва юкларнинг ҳаракатланиш тезлигини оширишга қаратилган.

Гап, хусусан, Қозоғистон билан чегарадаги темирйўл тугунларини модернизация қилиш, шунингдек, пойтахт атрофида айланма йўналишларини қуриш ҳақида бормоқда.

«Чегарадаги Қозоғистон билан бўлган «стык»(боғлам)лардаги ишларимиз, Тошкент шаҳрига водийдан келаётган юкларни Тошкент шаҳрига кирмасдан, воҳага ўтиб кетиши учун айланма йўлларини қуриш бўйича ниҳоятда катта бир инфратузилмавий дастур ҳимоя қилинди», — деди Маҳкамов.

Вазир таъкидлашича, президент томонидан шу ишларни жадаллаштириш ва тезлаштириш бўйича алоҳида топшириқ берилган.

Ҳозир ташқи юкларнинг 70 фоизи Тошкентдаги «Чуқурсой» станцияси орқали ташилмоқда. Баъзан бунга бир неча кун вақт сарфланиб, ортиқча харажат ва навбатга сабаб бўляпти. Май ойидаги йиғилишда юк станцияларини пойтахт ҳудудидан ташқарига чиқариш, Янгийўл тумани ва Янги Тошкент яқинида йирик станциялар барпо этиш таклиф қилинган эди.

Шунингдек, пойтахтни айланиб ўтувчи Озодлик — Янгиер темирйўли қурилиши режалаштирилган, натижада Фарғона водийси билан бошқа вилоятлар ўртасидаги юк ташувлари Тошкент шаҳрига кирмасдан амалга оширилиши айтилган эди.

2023 йил сентябридаёқ президент темирйўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлигини қайд этганди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади, деганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *