Жарчи деган бир касб бор. Масалан, Наманганнинг Чортоқ тумани Арбағиш қишлоғида тўй эгаси эҳтиёжмандроқ бир қариндошини жарчи қилиб ёллайди. У белгилаб берилган хонадонларга бирма-бир кириб, тўй хабарини етказади. «Тўйхат»ни олган киши эса жарчига кўнгилдан чиқариб пул узатади. Жарчи топган пулларини ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиши мумкин. Буни Арбағишгагина хос одат деса ҳам бўлади.
Ёки Қўқоннинг ҳам айрим манзилларида жарчилар хизматидан фойдаланилади. Улар овозкучайтиргичдан фойдаланиб гоҳ пиёда, гоҳ велосипедда юриб, одамларни тўй ёки жаноза бўлаётган хонадонларга чорлайди.
Бизнинг бугунги қисқа ҳикоямиз эса Ўзбекистоннинг бутунлай бошқа тарафи — Қашқадарё вилояти Қарши тумани Шодлик маҳалласи Чорбоғ-Бойғунди қишлоғида яшовчи 61 ёшли жарчи — Пирназар Бекниёзов ҳақида. У 20 йилдирки қишлоқ аҳолисининг ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларидан хабар бериб келади.