Murad Buildings’нинг NRG қурилиш компаниясидаги улуши Қозоғистоннинг BI Group девелопер компаниясига ўтади, дея хабар берди NRG матбуот хизмати.

NRG NRG-BI бренди остида ва BI Group маҳаллий бошқарув жамоаси билан ишлашни давом эттиради. Murad Buildings ўзининг ноёб лойиҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратади, дейилади хабарда. Битим суммаси ва шартлари ошкор этилмайди.

«NRG мижозлари, ходимлари ва ҳамкорлари учун бу ўзгаришлар мажбуриятларнинг сақланиши ҳамда белгиланган йўналишнинг изчил давом этишини англатади. Хизмат кўрсатиш стандартлари такомиллаштирилади, амалдаги ва ишга туширилган лойиҳалар бўйича келишув шартлари ўзгармайди», — дейилади хабарда.

NRG компанияси Murad Buildings ва BI Group томонидан 2020 йилда ташкил этилган.

««Беш йиллик ҳамкорлигимиз биз учун қимматли тажриба бўлди. Шу давр мобайнида NRG бир қатор муҳим ва бетакрор лойиҳаларни амалга оширди. Ишончим комилки, BI Group’даги ҳамкасбларимиз бошқаруви остида NRG бундан буён ҳам шундай тез ва сифатли қурилишни давом эттиради», — деди Murad Buildings асосчиси ва NRG ҳаммуассиси Мурод Назаров.

«NRG бошқарувининг BI Group’га ўтиши — йўналишни ўзгартириш эмас, балки бошланган ишнинг мантиқий давоми», — дея таъкидлади BI Group бош директори ва акциядори Айдин Рахимбаев.

«NRG-BI компанияси барқарор қурилиш, шаффоф нарх белгилаш ва мижозларга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиради», — дея қўшимча қилди компания.