Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Тошкентга келди. «Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни давлат раҳбарининг ўзи кутиб олди.

Шундан кейин аэропортда икки давлат президентлари суҳбат ўтказди.

Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари бир-бирларини қутлади ва икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди, дейилади хабарда.

Суҳбат тугагач, жараён яна аэропортнинг ўзида давом этди ва Сердар Бердимуҳамедовни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни шоҳсупага таклиф қилди, ҳарбий оркестр ижросида эса давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда президентлар олдидан саф тортиб ўтди.

Етакчилар расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 17 ноябрь куни бўлиб ўтади. Таъкидланишича, олий даражадаги музокаралар давомида Ўзбекистон — Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Видео