2020−2025 йилларда маиший газ баллонидан нотўғри фойдаланиш оқибатида 83 та бахтсиз ҳодиса кузатилиб, оқибатда 160 нафар фуқаро жабрланди: 129 киши жароҳат олган бўлса, 31 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖда ўтказилган пресс-тур доирасида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Ҳудудгазтаъминот» Маҳалла истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи Акмал Жўраевга кўра, истеъмолчилар хавфсизлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, маиший газ баллонларини махсус темир қутиларга ўрнатиш пилот лойиҳаси амалга оширилмоқда.


Аҳоли уйларидаги газ баллонлар / Фото: «Ҳудудгазтаъминот» АЖ
«Айрим ҳудудларда фуқаролар яшаш уйидаги маиший газ баллонидан нотўғри фойдаланади: айримлар газ плитага жуда ҳам яқин масофада ўрнатади, баъзилар қуёш нурлари ёки ёмғир ва қор тушадиган очиқ жойларда қолдиради, бунга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Бундай хавфли ҳолатларга қарши курашиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида янги лойиҳа йўлга қўйилди. Бу тажриба-синов тариқасида Норин тумани (Наманган вилояти)нинг Янги Наманган маҳалласидаги хонадонларда бошланди. Яъни маиший газ баллонлари учун махсус қутилар ўрнатилмоқда. Бу эса об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида ҳам газ баллонларидан хавфсиз ва қулай фойдаланиш имконини яратади», — дейди Акмал Жўраев.
Унинг таъкидлашича, темир газ қутиларининг ўрнатилиши натижасида газ баллони хавфсиз, яъни ёпиқ ҳолатда сақланади, хонада газ тўпланмайди, ис газидан заҳарланишнинг олди олинади, ташқи таъсир ҳимояланади ҳамда газдан фойдаланиш муддати узаяди.
Норин туманида ўрнатилаётган махсус қутилар / Фото: «Hududgaz Namangan» газ таъминоти филиали
«Аслида, шаҳарсозлик нормалари бўйича ҳам ҳар бир истеъмолчи хонадонидаги газ баллонини шундай мухсус қутиларга ўрнатиши керак. Лекин фуқароларда имконият турлича, шу сабабли бу каби қутилар кенг оммалашмаган. Буни босқичма-босқич кенг жорий қилиб бормоқчимиз. Норин туманида ўрнатилган қутилар жамият ҳисобидан амалга оширилди. Пилот лойиҳа доирасида 216 та хонадон қамраб олинди. Келгусида бу лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб йўлга қўйилади», — дея қўшимча қилди у.


