Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида иккинчи кундирки ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши давом этмоқда.

Чоршанба куни соат 18:00 дан пайшанба куни 18:00 гача кун давомида Ўзгидрометнинг автоматик ҳаво мониторинги станциялари РМ2,5 майда заррачаларининг суткалик ўртача миқдорини 195 мкг/м3 ёки миллий меъёрдан 3,2 баравар кўп (кунига 60 мкг/м3) қайд этди.

РМ10 заррачаларининг ўртача миқдори 302 мкг/м3 ни ташкил этди, бу норма доирасида (кунига 300 мкг/м3).

Эрталабки (9:00) кундалик ҳисоботда РМ2,5 заррачалари миқдори 202 мкг/м3 ни ташкил этгани, бу нормадан 3,4 бараварга ошгани хабар берилган.

Пайшанба куни тушдан кейин Тошкент шаҳрида РМ2,5 концентрациясининг рухсат этилган максимал концентрациясининг энг юқори кўрсаткичи Қишлоқ хўжалиги университети ҳудудида кузатилди — 4,2 баравар, энг пасти — «Янги Ўзбекистон» боғи ҳудудида — 2,4 баравар.

Ўзгидрометнинг қайд этишича, сақланиб қолаётган об-ҳаво шароити кўрсаткичлар ошишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, кечқурун ҳароратнинг кескин пасайиши илиқ ҳаво совуқ ҳавонинг устида жойлашадиган (одатдагининг ўрнига) инверсия жараёнини келтириб чиқармоқда. Бу ҳавонинг вертикал ҳаракатига тўсқинлик қилади ва ҳаво ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланишига ёрдам беради.

Агентлик ушбу об-ҳаво шароити республика бўйлаб яна бир неча кун давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Аҳоли ва ташриф буюрувчилардан эҳтиёт чораларини кўриш, жумладан, очиқ ҳаводаги вақтларни чеклаш ва кўчага чиқишда ниқоб тақиш тавсия этилади.