Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида Lacetti ва Isuzu юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар қилди.

Воқеа 21 ноябрь куни соат 23:50 лар атрофида туманнинг «Файзобод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 «Тошкент-Термиз» йўлининг 989-километрида содир бўлган.

Унда 2003 йилда туғилган ҳайдовчи Isuzu юк машинасида белгиланмаган жойдан Самарқанд йўналишидан Тошкент йўналишига бурилиш учун йўлнинг қатнов қисмига чиққан вақтида Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, 2002 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда Lacetti двигатель қисмидан ёнғин келиб чиқиб, машина тўлиқ ёнган. Lacetti ҳайдовчиси ҳамда транспорт воситаси салонида бўлган 4 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят кодексининг 266 моддаси учинчи қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.