Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан газ сизиб чиқаётгани айтилган хабарлар тарқалди.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, бу ҳолат «М-25» конининг 202-сон қудуғида бир ҳафта олдин кузатилган геологик жараён.

«Яъни, аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниши ҳолати ҳисобланади. Айни пайтда Бойсундаги „М-25“ конида вазият барқарор бўлиб, барча жараёнлар мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат кондаги геологик жараён натижасида юз берган ва қисқа вақтда яна ёқиб қўйилган.

Вазирликнинг эслатишича, ҳавога зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ ёқиб қўйилган ва бу усул атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда қабул қилинган стандарт амалиёт ҳисобланади ҳамда халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб беради.

2024 йил 1 сентябрида Бойсундаги газ конида илк портлаш юз берганди. Кейин яна портлашлар, ҳатто қурбонлар ҳам бўлди. Алал-оқибат, якуни йўқдек бу жараёнга ҳамма кўникди, шекилли. Gazeta мухбири Бойсунда бўлиб, ишлатгани гази йўқ, лекин ҳавога таралиб ётган газдан қийналаётган аҳоли билан гаплашганди.