2 декабр куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги овқатланиш шохобчасида газбаллон портлади. Ҳодиса оқибатида 3 киши вафот этди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.

Вазирлик хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат малакали мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабил оғир, нафаси мустақил, ҳушида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (қайси банди экани аниқлаштирилмаган — таҳр.) (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинган.