• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Рақамлар ўсишда давом этяпти». Ўзбекистонда наркожиноятчиликка қарши қандай курашилмоқда?


Ўзбекистонда охирги 5 йилда наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 67 фоизга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 80 бараварга кескин ортган. Бу ҳақда 1 декабрь куни Тошкентда ўтказилган мамлакатдаги нарковазият ва гиёҳвандликка қарши курашда кўрилаётган чораларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Gazeta мухбири мазкур тадбирдан репортаж тайёрлади.

«10 ойда салкам 13 мингта наркожиноят аниқланди» — ИИВ

Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Асадулла Қурбоновга кўра, Ўзбекистонда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ўсишда давом этмоқда. У 5 йилда наркожиноятлар сони 2 бараварга ошганини айтди.

«Бу каби кўрсаткичлар гиёҳвандлик муаммосининг нафақат кенгайиб бораётгани, балки турли ижтимоий қатламлар: ёшлар ва хотин-қизлар орасида ҳам оммалашаётганини кўрсатмоқда ҳамда жамоатчиликни ташвишга соляпти. Мисол учун, жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 848 та наркожиноятлар аниқланиб, 2 тонна 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди ҳамда истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинди», — дейди Қурбонов.

Асадулла Қурбонов

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азиз Долихўжаевнинг қайд этишича, ўтказилган тезкор ва назорат тадбирлари давомида 2024 йилда 7230 нафар шахс ушланган. Ушбу кўрсатгич жорий йилда 16 фоизга ортиб, ўтган 10 ой ичида 8433 киши қўлга олинган.

Асадулла Қурбоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда наркожиноятчиликка қарши курашда асосий эътибор профилактикага қаратилмоқда.

«Ёшлар билан боғлиқ наркожиноятларни олдини олиш ҳамда уюшган наркожиноятчиликка қарши курашишга катта аҳамият беряпмиз. Ҳар йили „Ёшлар билан биргамиз“, „Ёшлар гиёҳвандликка қарши“, „Қора дори“ каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Профилактик тадбирлар давомида уюшмаган ёшлар, корхона-ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва мактаблардаги йигит-қизларга гиёҳвандлик моддалари ҳамда уларнинг оқибатлари тўғрисида фильм ва видеороликлар намойиш қилиняпти», — дейди ИИВ расмийси.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 4 та нарколаборатория аниқланиб, ундан 1,8 тонна наркотик олинган. 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида эса 12 та аниқланди ва 2,5 тонна наркотик йўқ қилинган. Энг кўп наркожиноятлар пойтахт, Тошкент ва Фарғона вилоятларида содир этилмоқда.

гиёҳванд моддалар, наркожиноятлар, наркотиклар

ИИВ расмийсининг айтишича, опий моддасини Ўзбекистонга олиб киришга уриниш ҳолатлари асосан, Афғонистон ва Тожикистон чегараларида кузатилмоқда. Психотроп моддаларнинг кириб келиш йўллари Хитой ва Қирғизистон бўлса, синтетик гиёҳванд моддалар эса Россия ва Қозоғистон орқали кириб келяпти.

«Чегарадан олиб ўтишнинг янги ва моҳирона усуллари оммалашмоқда»

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Акрамжон Аҳлимирзаевнинг маълум қилишича, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида тезкор тадбирлар ва божхона назорати жараёнида 586 та ҳолатда 1 тонна 600 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланган.

«Кейинги йилларда синтетик гиёҳвандлик моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи воситаларнинг озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарлари таркибида янги кўринишларда кириб келиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Бу эса истеъмол қилувчилар ва ноқонуний савдо билан шуғулланувчиларнинг фаоллашганини кўрсатади», — дейди у.

гиёҳванд моддалар, наркожиноятлар, наркотиклар

Акрамжон Аҳлимирзаев

Аҳлимирзаевга кўра, Ўзбекистонга гиёҳвандлик воситаларини олиб киришнинг янги усулларини қўллаши урфга кирган.

«Масалан, яқинда водийдаги чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келаётган машина тўхтатилиб текширилган. Унинг газ баллони ичидан 58 килограмм гиёҳванд моддалар топилди. Сурхондарёда қўшни давлатдан импорт бўлаётган майиз кўринишидаги гашиш гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Ҳаттоки, аёллар кийимларига шимдирилган, суюқ ҳолатдаги гиёҳвандлик воситалари, шампунь, косметика, кир ювиш кукунлари ичида наркотиклар аниқланмоқда», — дейди қўмита расмийси.

«Жиноятчиларнинг моҳирона усуллари кучайиб борган сари биз ҳам замонавий техникалар билан қуролланишимизга тўғри келяпти. Шу мақсадда фуқаролар ва юклар ҳаракатланадиган барча чегара божхона постлари йирик габаритли сканер қурилмалари билан жиҳозланди. Инсон танасини масофадан сканерловчи Body scanner қурилмаларидан 30 дан зиёд харид қилинган ва ҳозирда божхона постларимизда фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, 150 бош хизмат итлари ҳам гиёҳвандлик воситаларини қидириб топишда фаол хизмат қиляпти», — дейди у.

Акрамжон Аҳлимирзаевнинг таъкидлашича, интернет тармоғи орқали ҳам наркотиклар савдоси фаоллашган. «Биргина божхона органларида мазкур йўналишда 2025 йилнинг 11 ойи давомида 15 та интернет наркодўкон аъзолари фош этилди. Улар гиёҳвандлик воситалари тарқатаётган каналлар фаолиятига чек қўйилди», — дейди Божхона қўмитаси вакили.

«Ёш наркобеморлар сони ортмоқда»

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуровнинг таъкидлашича, 5 йилда бирламчи касалланиш, яъни янги наркобеморлар сони 1,8 баробарга, умумий касалланиш эса 53 фоизга ортган.

«Ҳозирги кунда диспансер ҳисобида 8500 га яқин бемор бор. Бир йил олдин улар сони 5 300 нафар эди, рақамлар тобора ўсиб боряпти. Диспансер ҳисобида турган наркобеморларнинг 60 фоизи катталар, яъни 46−60 ёшлилар ҳисобланади. Аммо охирги йилларда гиёҳвандликка янги чалинган шахслар орасида 25−30 ёшли беморлар сони кўпаймоқда», — дейди у.

гиёҳванд моддалар, наркожиноятлар, наркотиклар

«Аввалги йилларда кўп одамлар „гиёҳвандлик“, „наркомания“ сўзларини эшитган заҳоти хаёлига фақат тиббиёт келарди. Охирги беш йилда президентимизнинг шу йўналишда қабул қилган иккита фармони ва бешта қарори, Вазирлар Маҳкамасининг ўндан зиёд қарори сабабли идоралараро ҳамкорлик кучайтирилди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқармаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги англаб етилди. Дунёда кенг тарқалаётган гиёҳвандлик нафақат тиббий, балки ижтимоий, иқтисодий, юридик муаммоларга олиб келадиган катта иллат эканлигини тушундик», — дейди Ашуров.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Республика наркологик хизмат маркази ва унинг 14 та наркологик филиалларида касалликни эрта ташхислаш, даволаш, тиббий-ижтимоий реабилитация шароитлари замонавийлаштирилди. Аммо шу билан бирга рақамлар ҳам ўсиб, вазият жиддийлашмоқда.

«Агар профилактика ишларида умумий ва манзилли ёндашув бўлмаса, ҳеч нарса ўзгармайди. Мактаб ўқувчилари ёки олий таълим муассасалари талабалари орасидаги хавф гуруҳини аниқлаб, манзилли ишлаш зарур. Бу борада педагоглар, инспектор-психологларнинг билимини ошириш, уларнинг мулоқот қилиш усули ва маданиятини ўзгартириш керак», — дейди у.

«Оилада боланинг қаерга бориши ва кимлар билан юришини ким белгилаб беряпти? Оиланинг ички тартиб-қоидасини ким белгилаяпти? Фарзанднинг боши оғриса, кўзи қизариб келса ёки иштаҳаси бирданига ўзгарса, диққати бир жойда бўлмаса, шундай вақтларда оилада соғлиқни сақлаш вазири вазифасини ким бажаряпти? Нимага ҳаммасини давлатга боғлаб қўйишимиз керак? Гиёҳвандликка қарши курашишда оила, „маҳалла еттилиги“, таълим муассасалари, психологлар, фаоллар: спортчи, санъаткор ва бошқалар бирлашиш зарур», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош наркологи.

гиёҳванд моддалар, наркожиноятлар, наркотиклар

Зарифжон Ашуровнинг қайд этишича, 2025 йилнинг ўтган даврида 36 366 нафар бемор даволанган. Уларнинг 25 919 нафари ихтиёрий, 3806 нафари эса суднинг тегишли қарори билан мажбурий даволанган.

«Даволаш салоҳиятимиз 48 фоизга етди»

Ўзбекистон бош наркологига кўра, диспансерга даволаниш учун аксарият беморлар аҳволи ўта ёмонлашгандагина келади. Шу сабабли уларни ҳаётга қайтариш жуда мушкул — бор-йўғи 8−10 фоизи тўлиқ даво топиши мумкин.

«Беш йил илгари наркобеморларни даволаш бўйича тиббий салоҳиятимиз 10 фоиз эди. Ҳозир бу 48 фоизга етди, дейиш мумкин. Чунки ўтган вақт ичида 120 нафар мутахассисларимиз чет элда малака ошириб келди. Натижада, салоҳият сезиларли ошди. ЖССТ билан бирга 55 та миллий тренер тайёрланди ва 10 мингга яқин оилавий шифокор ўқитилди. Шунингдек, моддий-техник база анча яхшиланди», — дейди Зарифжон Ашуров.

Марказ директорининг таъкидлашича, гиёҳвандлик моддаларини ортиқча дозада истеъмол қилиш ўлим ҳолатининг кўпайишиги сабаб бўлади ва бунинг таъсирида инсон организмида иммунитет тушиб кетади. Оқибатда ўлимга олиб келувчи қатор ўткир даражали касалликларнинг авж олиш эҳтимоли мавжуд. Масалан, ОИТС, гепатит, инфаркт, инсульт, жигар циррози касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори.

Аввалроқ, Ўзбекистонда айрим наркожиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиланиши, гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси жорий этилиши, баъзи жазо чоралари 2 баробарга кучайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *