2 декабрь куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ вакилларининг музокаралари бўлиб ўтди, унда Украинадаги урушни тугатиш режаси муҳокама қилинди. Америка делегациясидан АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этди.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков қарийб беш соат давом этган музокаралардан сўнг учрашув «жуда фойдали, конструктив» бўлганини айтди. У яна шуларни ёзиб қолдирди:
- «Биз америкалик ҳамкасбларимиз билан америкаликлар бир муддат олдин Москвага етказган лойиҳалар ва ҳужжатларнинг мазмунини муҳокама қилдик. Аниқ формулировкаларни эмас, балки ушбу Америка ҳужжатларига киритилган ғояларнинг моҳиятини гаплашдик».
- «Баъзи нарсаларга рози бўлишимиз мумкин эди ва президент буни суҳбатдошларига тасдиқлади. Баъзи масалалар танқидимизга сабаб бўлди ва президент ҳам бир қатор таклифларга нисбатан танқидий ва ҳатто салбий муносабатимизни очиқ айтди».
- «27 бандни ўз ичига олган ҳужжат бор эди. У бизга [Америка томонидан] топширилган, биз у билан танишиб чиқдик. Кейин яна тўртта ҳужжат олдик».
- «Ҳозирча компромиссли вариант топилмади, аммо баъзи Америка формулировкалари озми-кўпми мақбул кўринади. Таклиф қилинганларнинг баъзилари бизга тўғри келмайди».
- «Биз америкалик ҳамкасбларимиз билан бўлиб ўтган музокаралар моҳиятини ошкор қилмасликка келишиб олдик».
Америка делегацияси ушбу келишувни амалга оширди ва Москвага сафари якунлари бўйича ҳеч қандай баёнот бермади, дея таъкидлайди BBC рус хизмати. АҚШ президенти ва Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Кремлдаги учрашувга ҳозирча изоҳ бермади.
АҚШнинг тинчлик режаси ҳақида
Ноябрь ойи ўрталарида АҚШ Россия билан маслаҳатлашиб, Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича янги режа устида яширинча ишлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган режанинг дастлабки варианти 28 банддан иборат бўлиб, Украинанинг муҳим ён беришларини, жумладан, Украина қўшинларини Донбассдан тўлиқ олиб чиқишни назарда тутган.
Кейинроқ Украина Женевада АҚШ билан музокаралар ўтказди, унинг натижаларига кўра томонлар тинчлик режасининг янгиланган вариантини тайёрлади. Унинг мазмуни ошкор этилмади.
Москвага ташриф олдидан Уиткофф, Кушнер ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио Флоридада Украина вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда улар урушнинг тугаш режасини муҳокама қилишни давом эттирди.
