• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2026 йилдан ҚҚС тушумларининг бир қисми маҳаллий бюджетларга ўтказилади


Маҳаллий ҳокимиятларнинг ҚҚС йиғилишидан манфаатдорлигини ошириш мақсадида 2026 йилдан ҚҚС тушумларининг бир қисми маҳаллий бюджетларга ўтказилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатасининг 3 декабрь кунги мажлисида маълум қилди.

Мажлисда, аввалроқ хабар берганимиздек, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда маъқулланди.

Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар даромадларини кўпайтириш мақсадида ҚҚС бўйича тушумларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетларга уларнинг солиқ базасини кенгайтириш доирасида ўтказиш назарда тутилган. Айрим йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно бўлиб, уларнинг рўйхати президент томонидан тасдиқланади.

Хусусан, Тошкент шаҳри бюджетига шаҳарда йиғилган ҚҚСнинг 5 фоизи, бошқа ҳудудларга 20 фоизи ўтказилади. Тушумларнинг камида 50 фоизи мажбурий тартибда қуйи бўғинга — туман ва шаҳар бюджетларига ўтказилади.

Бунинг натижасида, вазирнинг сўзларига кўра, ҚҚС тушуми ҳисобидан 4,3 трлн сўм маблағ маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилмоқда.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, янги чора маҳаллий ҳокимият органларини солиқ йиғилишини назорат қилишга жалб этишга қаратилган. Ҳозирда ҳокимиятлар ва солиқ инспекцияларида бизнеснинг ҚҚС тўлашга ўтишини таъминлаш учун рағбат йўқ.

Маҳаллий бюджетлар бизнесдан ҚҚС ёки фойда солиғини эмас, балки айланмадан олинадиган солиқни олади. Бюджет кодексига мувофиқ, солиқ тушумлари давлат бюджетига ўтказилади, маҳаллий даражада эса фақат йиллик режа кўрсаткичидан ортиқча суммаларгина қолади.

«Агар [корхонанинг] айланмаси 1 млрд [сўмдан] ошса ва у ҚҚС ҳамда фойда солиғи тўловчисига айланса, бу маблағлар вилоят бюджетини четлаб ўтади. Буни ҳеч ким хоҳламайди ва бу табиий», — дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси солиқлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилади. Қўчқоровнинг айтишича, яқин вақт ичида Бюджет кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *