Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ҳаво ифлосланишига қарши ўтказилган рейдлар давомида сомса пиширадиган тандирлар бузиб ташланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Кейинроқ улар бир нечта суратлар ва видеодан иборат постни ўчириб ташлади.
Хабарда айтилишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғига кўра экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида кечаю кундуз рейдлар ўтказилмоқда.
3 декабрь куни эълон қилинган видеотасвирларда экскаваторлар камида учта муассаса — «Уч ариқ ўшхона», «Меҳмон ошхонаси» ва «Бек ошхонаси«даги тандирларни бузаётганини кўриш мумкин.
Фото: Шаҳрихон тумани ҳокимлиги.
Туман ҳокимлиги баёнотида таъкидланишича, эрта тонгдан ишчи гуруҳ атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи объектларни кўздан кечирмоқда. Талабларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат ва хизмат кўрсатувчи корхоналарга нисбатан қатъий чоралар, жумладан, вақтинча ёпиш чоралари кўрилмоқда.
Кечқурун Андижон вилояти ҳокимлиги Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга «масъулиятсизликка йўл қўйгани» учун ҳайфсан берилганини маълум қилди. «Бундай ҳолатларни такрорламаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Шаҳрихон ҳокимлигининг маълум қилишича, рейдлар давомида бозордаги ошхоналарда санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши, газ баллонларидан тўғри фойдаланиш ҳолати баҳоланмоқда. Текширувлар натижасида айрим муассасалар муҳрланиб, баллонлари мусодара қилинган.
Фото: Шаҳрихон тумани ҳокимлиги.
Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бир муддат олдин ҳавони ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш бўйича кучайтирилган рейдлар бошланганди. Экология ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тозалаш тизими мавжуд бўлмаган иссиқхоналар, шиналар ёқиш, озиқ-овқат соҳасида қонунбузарлик ҳолатларини аниқламоқда. Хусусан, пойтахтда озиқ-овқатларни (шашлик ва бошқа маҳсулотлар) тутун чиқариш воситасисиз тайёрлаётган умумий овқатланиш корхоналари жавобгарликка тортилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, экология фаоллари ва жамоатчилик мамлакат раҳбариятининг ҳаво сифатини яхшилаш бўйича топшириқларини бажаришда ҳаддан ошиш ҳолатларига йўл қўйилаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Gazeta муҳаррири Сабина Бакаева ҳам яқинда эълон қилинган рукнида битта муаммони ҳал қилишда янги муаммоларни келтириб чиқармаслик кераклигини ёзди.
Бир кун аввал Тошкент вилояти Қибрай туманидаги кўмир ёқилаётган иссиқхонада бўлган Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева шундай деганди: «Тадбиркорлар ўзининг ҳар бир ҳаракати учун жавобгарликни бўйнига олиши шарт, экологияга етказилаётган зарарни моддий манфаат, мўмай даромад билан оқлаб бўлмайди». Шу билан бирга, у «тадбиркорлар ўз фаолиятини қонуний ва хавфсиз юритишлари учун ёрдам кўрсатиш зарур»лигини таъкидлаган.
