Ўзбекистон президенти 1 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича топшириқ берди.
Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервьюсида 2030 йилга бориб чиқинди полигонлари ҳажмини 50 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилганини маълум қилди.
«Аллақачон 47 та полигон рекультивацияланди. Йиғилишда чиқинди деганда нафақат маиший чиқиндилар, балки ишлаб чиқариш чиқиндилари, жумладан, хавфли чиқиндилар ҳам тушунилиши лозимлиги таъкидланди. Тахминан 128 млн тонна шундай чиқинди тўпланган ва уларни қайта ишлаш режалари ҳам ишлаб чиқилган. Чиқинди ёқиш заводлари кунига ўртача 500 тонна чиқиндини қабул қилади, бу эса тўлиқ қайта ишлаш циклини таъминлайди, ноқонуний чқиқинди тўкишларни камайтиради ва мавжуд полигонлар юкини енгиллаштиради», — деди раис ўринбосари.
Искандар Қутбиддинов.
Искандар Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, ушбу заводларда ишлаш учун кадрлар Green University билан ҳамкорликда «яшил» техникумларда тайёрланади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервьюсида олтита ҳудудда чиқиндини энергияга айлантириш бўйича олтита лойиҳа амалга оширилаётганини, уларнинг умумий сармояси 950 млн долларни ташкил этишини таъкидлади. Бу лойиҳалар ҳозирда 30−40% бажарилган, 2026 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.
«Президент масъулиятли вазифа топширди — туну кун иш фаолиятини ташкил этиш ва чиқиндилардан хомашё сифатида максимал фойдаланишни таъминлаш. Ҳозирда атиги 3−4% қайта ишланмоқда, бу жуда кам. Шу боис хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари йўлга қўйилди», — деди Шарифбек Ҳасанов.
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, авваллари 200 га яқин полигонга ҳар йили 14 млн тоннага яқин чиқинди етказилган.
Шарифбек Ҳасанов.
«Мақсад энди чиқиндихоналар сонини 50 фоизга қисқартириш. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш бўйича барча лойиҳалар ишга тушгач, полигонлар яшил боғ ва паркларга айлантирилади», — дейди Шарифбек Ҳасанов.
Президентга 2024 йил октябрь ойида Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2025−2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чиқинди ёқиш заводлари лойиҳалари тақдим этилганди.
Хитойнинг учта компанияси Тошкент ва Самарқанд вилоятлари, Қашқадарё ва Фарғона водийсида чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарадиган электростанциялар қуришни режалаштирган.
Тошкентда сентябрь ойида тиббий чиқиндилардан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи биринчи завод ишга туширилди.
Ўзбекистонда 42 та чиқинди полигони аллақачон ёпилган.
Аввалроқ Экология миллий қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов чиқиндихоналарни «экологик бомба» деб атаган ва аввал хусусийлаштирилган объектлар устидан давлат назоратини қайтаришни таклиф қилган эди.
Шунингдек, у замонавий чиқиндиларни ёқиш заводлари экологик жиҳатдан хавфсиз эканини таъкидлади. «Ўзим ҳам шундай заводлардан бирида бўлдим, қувурга чиқдим, ҳаводан нафас олдим — у ердан мутлақо тоза ҳаво чиқади, ҳеч қандай зарар йўқ», — деди қўмита раиси.
