• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Malaysia Airlines компаниясининг MH370 рейсини қидириш ишлари 30 декабрда тикланади – Gazeta



Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Куала Лумпурдан Пекинга учган MH370 рейси бўлакларини қидириш 30 декабрь куни, самолёт ғойиб бўлганидан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб қайта тикланади, деб хабар бермоқда Reuters Малайзия расмийларига таяниб.

Бу 2025 йилнинг март ойида бошланган, аммо ёмон об-ҳаво шароити туфайли апрель ойида тўхтатилган қидирув ишларининг давоми бўлади.

55 кун давом этадиган қидирув ишларини АҚШнинг Ocean Infinity геологик қидирув компанияси олиб бормоқда.

«Қидирув самолётни топиш эҳтимоли энг юқори деб баҳоланган мақсадли ҳудудда олиб борилади», — дейилади Малайзия транспорт вазирлиги баёнотида. Қидирувнинг аниқ жойи ошкор қилинмади.

Аввал хабар қилинганидек, Ocean Infinity билан шартнома 18 ойга тузилган. Қолдиқлар топилса, компания 70 млн доллар олади. Агар самолёт қолдиқлари топилмаса, Малайзия ҳукумати компанияга кўрсатган хизматлари учун тўламайди.

Лайнернинг олдинги қидирувларида 26 мамлакатдан 60 га яқин кема ва 50 та самолёт жалб қилинган. Улар 2017 йилда якунланган. Ocean Infinity 2018 йилда ҳам қидирув ишларини олиб борган, бироқ муҳим қолдиқлар топмаган.

MH370 рейси ҳақида

Куала Лумпурдан Пекинга MH370 рейсини амалга оширган Boeing 777 2014 йил 8 март куни радарлардан ғойиб бўлган. Бортда 12 экипаж аъзоси ва 227 йўловчи, жумладан, 150 нафар Хитой фуқароси, 50 нафар Малайзия фуқароси, шунингдек, Франция, Австралия, Индонезия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Украина ва бошқа мамлакатлар фуқаролари бўлган.

Самолёт сўнгги бор алоқага Малайзия пойтахтидан ҳавога кўтарилганидан тахминан 40 дақиқа ўтгач чиққан. Самолёт Вьетнам ҳаво ҳудудига киргач, транспондер ўчиб қолган.

Ҳарбий радар самолёт йўналишидан четга чиқиб, Малайзия шимоли ва Андаман денгизи узра учиб, жанубга бурилиб, ғойиб бўлганини қайд этган. Самолёт қолдиқлари Африка қирғоқлари ва Ҳинд океанидаги оролларга тушган.

2018 йилда эълон қилинган MH370 самолётининг йўқолиши ҳақидаги ҳисоботда Boeing 777 бошқаруви ўз йўналишидан оғиш учун атайлаб ўзгартирилган, деган хулосага келинган, бироқ терговчилар ким айбдор эканини аниқлай олмаган. Тергов капитанда ҳам, иккинчи учувчида ҳам келиб чиқиши, молиявий ишлари, машғулотлари ёки руҳий саломатлиги бўйича шубҳали элементлар топмаган.

Malaysia Airlines самолётининг ғойиб бўлиши авиациядаги энг сирли ҳодисалардан бири бўлиб қолмоқда, деб таъкидлайди BBC News. Қидирувни давом эттириш ҳақидаги чақириқлар йиллар давомида давом этиб келмоқда.

Бу воқеа, шунингдек, кўплаб фитна назарияларини келтириб чиқарган, жумладан, учувчи самолётни қасддан қулатгани ёки самолёт ўғирлаб кетилгани ҳақида тахминлар мавжуд.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *