Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги овқатланиш шохобчасида рўй берган газ баллони портлаши ортидан ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Комиссия президент топшириғи билан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида тузилган. Унга бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилик қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни рўй берган ҳодиса оқибатида 29 нафар киши жароҳатланган, 3 киши вафот этган. Шифохонага тушганлардан 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, 5 нафариники стабил оғир, ҳушида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан иш қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинган.