3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Давлат бюджети лойиҳасида юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, макроиқтисодий барқарорлик ва инфляцияни жиловлаш, бюджет барқарорлиги ҳамда бюджет тақчиллигини паст даражада ушлаб туриш, «яшил» тамойилларни кенг жорий қилиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали ишсизлик ҳамда камбағалликни пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Лойиҳада 2026 йилда Ўзбекистон ЯИМнинг реал ўсиш суръати 6,6 фоизга ошиб, аҳоли жон бошига ЯИМ 4026 долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ўсиш суръатлари бўйича прогнозлар қуйидагича:
- саноат ишлаб чиқариш — 6,4 фоиз;
- қишлоқ хўжалиги — 4,2 фоиз;
- бозор хизматлари — 14,5 фоиз;
- қурилишда — 10,2 фоиз;
Шу билан бирга, жами кредит портфели 13,1 фоизга, асосий капиталга инвестициялар 8,1 фоизга, экспорт ҳажми (олтинсиз) 15,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Айни пайтда ҳукумат олдига макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, инфляция кўрсаткичини 2026 йилда 7 фоиздан пастроқ даражада, 2027 йилдан бошлаб 5−6 фоиз атрофида шаклланишини таъминлаш вазифаси қўйилган.
2026 йилги Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) миқдорида прогноз қилинмоқда.
Республика бюджети даромадлари 292,9 трлн сўмни, шундан қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар 84,6 трлн сўмни ташкил этади.
Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 78,2 трлн сўм, харажатлари 147,5 трлн сўм миқдорида белгиланиб, уларга республика бюджетидан 73,6 трлн сўм миқдорида трансфертлар ажратилади.
2026 йил учун бюджет тақчиллигининг энг юқори чегараси ЯИМнинг 3 фоизи ёки 59,9 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тақчиллиги 29,3 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 1,5 фоизни ташкил этади.
Бирламчи тақчиллик (давлат қарзи бўйича фоиз тўловларини ҳисобга олмаганда) 2026 йилда ЯИМнинг 0,2 фоизигача, 2027−2028 йилларда эса 0,1 фоизигача пасаяди.
Тақчилликни қоплаш учун давлат қарзлари, активларни хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар жалб этилади.
2026 йилда янги ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича 5 млрд доллар (2025 йилда — 5,5 млрд доллар) миқдорида чегара белгиланмоқда, шундан:
- 2,5 млрд доллар — давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва тақчилликни молиялаштириш учун;
- 2,5 млрд доллар — инвестиция лойиҳаларига.
Давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини камайтириш мақсадида 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозларини чиқариш кўзда тутилган.
Лойиҳада 2026 йилда ижтимоий соҳа учун ажратилган маблағлар 220 трлн сўмни ташкил этиб, улар умумий харажатларнинг деярли 55 фоизини ташкил қилади. Давлат бюджети харажатларининг 25,5 фоизи таълим ва илм-фан, 12,1 фоизи соғлиқни сақлаш ҳамда 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатлари учун йўналтирилади.
Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ 2026 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати лойиҳасини тақдим этганди.
Унга кўра, асосий ставкалар ўзгаришсиз қолади, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва таркибида шакар бўлган ичимликлар учун акциз солиғи оширилади, чипслар учун янги солиқ жорий этилади ва маркетплейслар учун ставкалар кўтарилади. Кичик бизнес учун ҳисоботларни соддалаштириш ва енгилликлар бериш режалаштирилмоқда.
