• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АЁҚШларда Аи-80 сотуви бўйича рейдлар ўтказилмоқда



Ўзбекистондаги АЁҚШларда 1 декабрда сотуви тўхтатилган Аи-80 бензини бўйича рейдлар бошланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.

Хусусан, 26 ноябрдан 2 декабрь кунига қадар ўтказилган назорат тадбирларида 90 та АЁҚШдан 191 та намуна олинди. Таҳлил натижаларига кўра, 23 та ҳолатда 306 430 литр нефть маҳсулотлари давлат стандарт талабларига жавоб бермаслиги, яъни сифатсизлиги аниқланган.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг шу вақтига қадар нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида 632 та объект ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра 210 та объектда 8 млн 576 минг 466 литр нефть маҳсулотлари сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинган. Инспекция назорат тадбирлари давом этишини маълум қилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан маҳсулот сифатини тиклаш бўйича кўрсатмалар берилиб, унинг бажарилиши назоратга олинган.

Инспекцияси техник регламент талабларига жавоб бермайдиган ва меъёридан ортиқ заҳарли моддалар чиқишига олиб келадиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилганлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтди.

Аи-80 сотуви тақиқланиши тарихи

Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида камида 2020 йилдан бери айтиб келигади, бироқ расмийлар бу вазифани бажаришни доимо кечиктирган.

2024 йил бошида Энергетика вазирлиги Gazeta’га Аи-92 ва ундан юқори маркали бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2026 йилгача Аи-80 бензинидан воз кечиш режалари ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғи ставкаларини пасайтириш таклиф қилинди.

Кейинроқ президент бош вазирга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 («Евро-2» стандарти) дан узил-кесил воз кечиш масаласини ҳал қилишни топширди.

Фақатгина президентнинг сентябрдаги қарорида 2028 йилдан бошлаб «Евро-4» стандартидан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни босқичма-босқич чеклаш тўғрисида сўз борганди. Хусусан, бунинг учун Аи-80 ишлаб чиқарувчи Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари чуқур модернизация қилинади ҳамда «Евро-2» ва «Евро-3» стандартларидаги ёқилғини импорт қилиш тақиқланади.

Президентнинг тегишли қарори билан 2025 йилнинг 1 декабридан бошлаб АЁҚШларда Аи-80 бензини савдоси тақиқланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *