• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Аэропорт ва вокзалда чет элдан қайтганлар учун ОИВ экспресс-тест автоматлари ўрнатилади


Тошкент халқаро аэропорти ҳамда марказий темирйўл вокзалида ОИВга экспресс-тестларни бепул берадиган тестомат ўрнатилади. Бу ҳақда ОИТСга қарши курашиш маркази директори Баҳром Игамбердиев Gazeta мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Марказ директорининг сўзларига кўра, охирги йилларда ОИВга чалинаётганларнинг 30−35 фоизини 3 ой ва ундан кўп муддатда хорижда бўлиб қайтган фуқаролар ташкил этмоқда. Шу сабабли ҳам бепул экспресс-тестлар мазкур қатлам учун йўлга қўйиляпти.

«Ҳозирги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, кўпроқ хориждан қайтган фуқароларни текширишимиз керак. Профилактик чора-тадбирлар, тарғибот ишларига ҳам катта аҳамият қаратганмиз. Жорий йил якунигача халқаро аэропорт ва марказий темирйўл вокзалида махсус тестоматлар ўрнатилиши режалаштирилган. Мазкур пилот лойиҳа доирасида чет элдан қайтган фуқаролар ўзини текшириши, яъни сўлак тестларини топшириб, ўз статусини билиб олиши мумкин», — дейди Баҳром Игамбердиев.

Баҳром Игамбердиев / Фото: ОИТС маркази

Унинг айтишича, ушбу тестерлар ихтиёрий ва бепул бўлиб, мажбурий ҳисобланмайди.

«Хоҳловчи фуқаролар аэропорт ёки вокзалнинг ўзидаёқ рўйхатдан ўтади. Жараён электрон тарзда бўлиб, бунга кўп вақт кетмайди. Фуқаро сўлак тестини ўзи билан бирга олиб кетиб, уни яшаш жойида амалга оширади, натижаси бўйича бизга маълумот беради. Агар тажриба-синов лойиҳаси ўз самарасини берса, келгусида бундай тестоматларни кўпайтирамиз», — дейди ОИТСга қарши курашиш маркази директори.

Марказнинг бўлим мудири Фаррух Ҳамроевнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа бўйича Uzbekistan Airports ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан келишувга эришилган, яъни қурилмалар ўрнатиш учун аллақачон майдонлар ажратилган. Ҳатто тестоматлар хариди учун буюртма берилиб, маблағ ҳам тўланган. Яқин орада ушбу қурилмалар етиб келиши ва ўрнатилиши кутилмоқда.

«Мамлакат ичида яшаётган аҳоли учун ОИТС марказлари, поликлиникаларда ишонч ҳамда аноним хоналари мавжуд. Исталган пайтда кириб, ОИВ учун тест топшириш мумкин. Бироқ чет элдан келаётганлар орасида ОИВ инфекцияси кўп аниқланаётгани боис уларга кўпроқ аҳамият қаратилмоқда. Хориждан қайтган фуқаро ҳеч қачон ОИТС маркази ёки поликлиникага тўғри бормайди. Уларга қулайлик яратиш мақсадида ОИВга эскпресс-тестларни аэропорт ёки вокзалдан олиб кетиш имкониятини тақдим қилмоқчимиз. Бу ҳам самарали профилактик тадбирларнинг бири ҳисобланади», — дейди у.

«Тестоматлар хориждан қайтган фуқаролар бевосита тўқнашадиган, уларнинг кўзи тушадиган нуқталарга қўйилади. Қурилманинг ичида махсус қадоқланган пакетда тест бўлади. Одамлар бошланғич экранга тегиниб, қурилманинг сканер жойига паспортини қўяди. Ҳужжат сканерлангач, автомат тест чиқариб беради. Тест қадоқланган ҳолатда бўлиб, уни исталган жойда ишлатса бўлади. Бир одам фақат битта тест олади. Текширувлар барчаси аноним тарзда амалга ошади. Бизга фуқаронинг жинси ва ёши ҳақидаги маълумотлари кўринади, холос», — дейди Фаррух Ҳамроев.

Унинг тушунтиришича, тестдан қандай фойдаланиш тўғрисида видео қўлланмалар ҳам тайёрланади, уларни қурилма устидаги QR код орқали кўриб, тушуниб олиши мумкин бўлади.

«Сўлак орқали ОИВни аниқлайдиган мазкур тестга тиббиёт ходими керак бўлмайди. Фуқаро ўзини ўзи текшира олади, бу — жуда оддий жараён», — дейди марказ расмийси.

Аввалроқ Ўзбекистонда 52 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаётгани, уларнинг 55 фоизини эркаклар ташкил қилиши ҳақида хабар бергандик. ОИТС марказига кўра, йилига 3−4 минг кишида инфекция аниқланяпти, уларнинг аксарияти 30−49 ёш оралиғидаги шахслардир.

ОИВга мажбурий тестдан ўтказиш лойиҳаси

Аввалроқ Gazeta Ўзбекистон қонунларида 90 кундан ортиқ хорижда бўлганлар учун ОИВ тестини топшириш мажбурияти йўқлигига қарамай, фуқаролар поликлиникаларнинг талабига кўра анчадан буён тестдан ўтишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзганди. 1 август куни Сенат ОИВга мажбурий тест ўтказишни назарда тутувчи қонунни маъқуллаган. Президент Шавкат Мирзиёев қонунни қачон имзолаши ва умуман имзолаш-имзоламаслиги номаълум (бошқача айтганда, қонун ҳали кучга киргани йўқ).

Халқаро экспертлар таклиф қилинаётган қоида юзасидан хавотир билдирган. Уларнинг таъкидлашича, мажбурий ОИВ тестлари дискриминация қилади ва инсон ҳуқуқларини бузади, шунингдек, самарасиз бўлиши ва ҳатто вазиятни ёмонлаштириши мумкин. Бироқ бу амалиёт аллақачон мавжуд ва сўнгги вақтларда тез-тез қулоққа чалина бошлаган. Бироқ, Gazeta таъкидлаганидек, бу талаб кўп ҳолларда расмиятчиликдек кўринмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йилдан буён мамлакатга узоқ вақтдан кейин қайтган мигрантларни ОИВга текшириш учун тиббий муассасаларга мажбурий юбориш амалиёти жорий қилинган. Бу президент қарорида назарда тутилган. Худди шу йили идоралараро тегишли қарор қабул қилинган, аммо у жамоатчилик учун очиқ эмас.

2023 йилда президент томонидан 2023−2027 йилларда аҳоли ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унда мигрантларни ихтиёрий равишда ОИВ тести билан қамраб олишни кенгайтириш, жумладан, мигрантлар ва уларнинг оилалари ўртасида инфекция, ҳимоя чоралари ва даволаш усуллари ҳақида хабардорликни ошириш кампаниялари ҳақида сўз боради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *