Британиянинг Nature илмий журнали мақолада фойдаланилган Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги ноаниқликлар туфайли иқлим ўзгариши оқибатлари бўйича шов-шувли тадқиқотни қайтариб олди.

Гап 2024 йил апрель ойида Nature журналида чоп этилган тадқиқот ҳақида кетмоқда. Унда таъкидланишича, аср охирига келиб иқлим ўзгариши аввал тахмин қилинганидан кўра кўпроқ иқтисодий зарар келтиради. Олимларнинг хулосалари кўплаб оммавий ахборот воситаларида келтирилган ва марказий банклар томонидан рискларни бошқариш сценарийларида фойдаланилган, деб ёзмоқда New York Times.

Бир гуруҳ иқтисодчилар Ўзбекистон бўйича маълумотларда иш натижаларини сезиларли даражада бузиб кўрсатадиган хатоларни пайқаганидан сўнг изоҳ бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. Улар агар Ўзбекистон тадқиқотдан чиқариб ташланса, зарар бошқа прогнозлар натижаларига ўхшаш бўлишини аниқлаган. Хусусан, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг прогноз қилинаётган пасайиши 2100 йилга келиб 62 фоиздан 23 фоизгача пасайган.

«Натижалар эълон қилингандан сўнг ундаги бир мамлакатни — Ўзбекистонни — истисно қилишга эҳтиёж борлиги аниқланди. Бу мамлакатда 1995−1999 йиллар оралиғидаги дастлабки иқтисодий маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганди. Муаллифлар 1995−1999 йиллар учун Ўзбекистон бўйича маълумотларга тузатиш киритди, Ўзбекистон бўйича ҳисоб-китобларда мавжуд бўлган маълумотлар манбаларидаги ўзгаришлар ва юқори даражадаги тенденцияларни ҳисобга олди. Ушбу ўзгаришлар иқлимга етказилган зарарни баҳолашда тузатиш учун жуда муҳим бўлган тафовутларга олиб келди, бу эса мақоланинг бекор қилинишига сабаб бўлди», — дейилади Nature’нинг 3 декабрдаги баёнотида.

Тадқиқотга Потсдам иқлим ўзгаришини ўрганиш институти (Германия) иқтисодчиси Леони Венц ва институт илмий ходими Максимилиан Котц раҳбарлик қилган. Гуруҳ иқлим ўзгаришининг иқтисодий оқибатларини тўлиқроқ прогноз қилиш учун бир нечта янги усулларни ишлаб чиққан. Улар штатлар ва провинциялар каби мамлакатларга қараганда кичикроқ географик ҳудудлардаги иқтисодий шароитлар тўғрисидаги маълумотлар тўпламидан фойдаланган. Улар ўртача ҳароратни эмас, балки ёғингарчилик миқдори ва жазирама иссиқ даврлари каби бир қатор иқлим шароитларини ҳисобга олган.

2025 йил август ойида Стэнфорд университети (АҚШ) глобал экологик сиёсат профессори Соломон Сян бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи Венц ва Котцнинг ишига шарҳ эълон қилди. Уларнинг текшируви шуни кўрсатдики, айнан Ўзбекистон бўйича маълумотлар Потсдам институтидаги ҳамкасбларининг тадқиқотида иқлим ўзгаришининг прогноз қилинаётган оқибатларини сезиларли даражада бузиб кўрсатган.

«Охирги ўнйилликда кўпчилик 2100 йилга бориб [жаҳон ялпи ички маҳсулоти] 20 фоизга қисқаришини ақл бовар қилмайдиган даражада катта рақам деб ҳисоблаган. Шунинг учун бу ишда [Венц ва Котц] 60% ҳақида гапирилаётгани умуман мумкин бўлган чегараларга тўғри келмасди», — дейди Соломон Сян.