Президент Гулистон шаҳрида кафедаги портлашда ҳалок бўлганларнинг оиласига уч кун муддатда 100 млн сўмдан моддий ёрдам ажратишни топширди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шавкат Мирзиёев уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Топшириққа кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигида 10 нафар малакали шифокорлар бригадаси жабр кўрганларга бепул сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.
Мирзиёев масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлашни топширди.
«Умуман, ушбу фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабоқ бўлиши керак. Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарур», — деди у.
Аввалроқ президент портлаш оқибатида жабрланганлар даволанаётган шифохонада бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни рўй берган ҳодиса оқибатида 29 нафар киши жароҳатланган, 3 киши вафот этган. Шифохонага тушганлардан 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, 5 нафариники стабил оғир, ҳушида.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан иш қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинган. Жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилган.
