Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳри жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида олиб келинган замонавий автобуслар тақдимоти билан танишди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Гулистон шаҳридаги ички йўллар бўйлаб қатновларни амалга ошириш мақсадида 52 та автобус олиб келинди. Илова қилинган суратларда автобуслар Хитойнинг Yutong компаниясига тегишли экани кўринади.
Таъкидланишича, улар «Евро-5» стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради ҳамда табиий сиқилган газда ҳаракатланади.
Ҳар бири 65 нафар йўловчини қулай шароитларда манзилига етказишга мўлжалланган ушбу автобуслар паст полли — ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун махсус пандус ускуналари ва алоҳида ўриндиқлар билан жиҳозланган.
Йўл ҳақи тўловларини электрон тарзда ҳам амалга ошириш учун АТТО тизими ўрнатилган.
Аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи ҳисобга олиниб, автобуслар ҳаракати Гулистон шаҳрининг 23 та маҳалласини тўлиқ қамраб олувчи жами 7 та шаҳар ички йўналишида брутто-шартнома асосида ҳаракатланади.

Натижада автобусларнинг ҳаракат интервали аввалгига нисбатан 2 баробарга қисқариб, кунига 29 минг нафар аҳолига қулай, хавфсиз ва арзон транспорт хизматлари кўрсатилиши керак.
Мазкур қатновлар орқали йилига 38 миллиард сўмдан зиёд транспорт хизматлари кўрсатилиб, 120 нафар иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари мутасаддиларга шаҳарларнинг жамоат транспорти паркларини шундай замонавий автобуслар билан тўлдириш ишларини изчил давом эттириш, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда келгусида 11 метрли, узоқ масофага мўлжалланган яна 30 та автобусни олиб келиш режаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, қўшимча яна 150 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
