Сирдарё вилоятида 2026 йилда хитойлик ҳамкорлар билан автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги вилоят халқ депутатлари кенгашида айтиб ўтилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Сирдарё туманидаги лойиҳа учун 122 млн доллар маблағ киритилади.

Бундан ташқари, яқинда Қозоғистон билан Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказига старт берилди, эслади давлат раҳбари йиғилишда.

Ушбу марказ ҳудудида 300 млн долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлаши режалаштирилган, 2026 йилда яна 720 млн долларлик 40 та янги лойиҳа жойлаштирилади.

Умуман, саккиз йилда Сирдарёга 4 млрд доллар инвестиция киритилган. Бу даврда 187 та йирик қувватлар ишга тушиб, 120 минг иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги маҳсулот чиқариш йўлга қўйилиб, саноат 4 триллиондан 25 триллион сўмга етди.

Минглаб савдо-сервис объектлари ташкил қилингани натижасида хизматлар ҳажми 1,5 трлн дан 12 трлн сўмга ошди, дейилади хабарда.