Жиззах вилоятидаги Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация асосида ривожлантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президентнинг вилоятда ўтказган йиғилишида айтиб ўтилди.
Сессияда қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, ижтимоий хизматлар, меҳнат бозори ва инфратузилмани марказдан узоқ маҳаллалар аҳолисига яқинлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Урбанизация агентлиги ва вилоят ҳокимлигига Европадан мутахассисларни жалб қилиб, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация асосида ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқишни топширди.
Бунда икки ҳудуд ўртасидаги 40 гектар бўш майдон танлаб олинади ва кейинги йилдан ушбу массивда 1200 хонадонли 50 та кўп қаватли уй қурилади.
Мастер-режада янги массивда қуриладиган боғча, мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлар, электр, сув, йўл инфратузилмалари Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани аҳолиси учун бирдек хизмат қилиши, иккита ҳудудни бир-бири билан боғлайдиган ягона жамоат транспорти тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилиши керак.
Массив ҳудудида ягона маъмурий марказ қуриб, Шароф Рашидов туманидаги барча 21 та давлат ташкилотини шу ерга кўчириш зарурлиги қайд этилди.
Ўша куни давлат раҳбари Жиззах шаҳридаги янги йўлўтказгич ва йўл билан танишганди. Буларнинг натижасида шаҳарга кириш-чиқиш 25 километрдан 4 километргача қисқарди, М-39 автомобиль йўли билан боғланиш яхшиланган. Президент шаҳарга кириш қисмини реконструкция қилишнинг мастер-режаси билан ҳам танишган.
