Миграция агентлиги Жанубий Кореяда ноқонуний мақомда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, 2025 йил 1 декабрдан 2026 йил 28 февралгача ўз хоҳиши билан чиқиб кетганларга жарималар ва қайта кириш тақиқи вақтинча кечиктирилишини маълум қилди.
Бу учун паспорт, ихтиёрий чиқиш аризаси, авиачипта (чиқиш рейси учун) керак бўлади.
Имтиёздан фойдаланиш учун мамлакатни тарк этишдан 3−15 кун аввал яшаб турган манзил бўйича иммиграция бўлимига шахсан бориб олдиндан хабар бериш ёки онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.
Чиқиш куни ааэропортдаги иммиграция бўлимига парвоздан 4 соат олдин бориб, якуний тасдиқдан ўтиш талаб этилади.
Қуйидаги шахслар бу имтиёздан фойдалана олмайди:
- Кореяга ноқонуний йўл билан кирганлар;
- сохта ҳужжат ишлатганлар;
- жиноят содир этганлар;
- Иммиграция хизматининг Кореядан чиқиб кетиш ҳақидаги буйруғини олиб, унга амал қилмаганлар;
- 2025 йил 1 декабрдан кейин нолегал мақомга тушганлар.
Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси: +82222851341, +82222851343, +821039871661.
Аввалроқ Жанубий Кореяда E-9 визаси асосида ишлаётган ва қонунчилик талабларини бузган 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жарима қўллангани хабар қилинганди. Мамлакатда 12 декабргача кучайтирилган қўшма рейдлар ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея Ўзбекистон фуқароларини мавсумий ишлар учун E-8 визаси билан қабул қилишни тиклади. Миграция агентлиги ва Кёнсан-Намдо провинцияси маъмурияти ўртасида қишлоқ хўжалиги бўйича саккиз ойлик шартномалар асосида Тошкент вилоятидан ишчилар ёллаш бўйича келишув имзоланди.