• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Грипп ва ЎРВИни қандай қилиб тўғри даволаш мумкин? Шифокорлар тавсияси


Нафас йўллари касалликлари куз-қиш мавсумида, айниқса, кўп учрайди. Одамлар бундай касалликларни одатда «шамоллаш» деб аташади, аслида эса бу сўз замирида ўзига хос сабаб ва аломатларга эга турли хил касалликлар яширинган. Жумладан, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) кўплаб қўзғатувчилар сабаб келиб чиқади ва ҳам ҳаво-томчи, ҳам алоқага киришиш йўли билан тарқалади. Грипп ҳам нафас олиш йўллари инфекциялари қаторига киради, лекин уни доимий равишда ўзгариб турадиган ва эпидемияларга сабаб бўлиши мумкин бўлган махсус РНК вируслари келтириб чиқаради.

Ноябрь ойи бошида Telegram’даги «Врачи Ташкента» («Тошкент врачлари») гуруҳида шу номдаги лойиҳанинг илк сонида вирусолог Дилдора Секлер ва иммунолог-инфекционист Азизахон Хўжаева ЎРВИ ва грипп аломатларини қандай аниқлаш, қайси ҳолларда уй шароитида даволаниш мумкин ва қачон зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида маълумот берди. Gazeta экспертларнинг асосий хулосалари ва тавсияларини эълон қилади.

«Шамоллаш» деб нимани айтамиз ва нима учун бу нотўғри?

Кўпчилик ўзида касаллик бошланганда, буни кўчадаги совуқ ҳаво, оёқлар ҳўл бўлгани ёки ёниқ қолган кондиционер билан боғлайди. Аслида, «шамоллаш» ортида деярли ҳар доим ЎРВИ ёки грипп туради. Азиза Хўжаеванинг таъкидлашича, совуқ қотиш ва касаллик ўртасидаги боғлиқлик жуда бўрттириб юборилган, чунки иссиқ мамлакат ва илиқ хонада ҳам вирусли инфекцияни юқтириш мумкин.

Нафас йўлларининг энг кенг тарқалган касалликларига ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) киради. Бу гуруҳга риновируслар, аденовируслар, парагрипп, респиратор-синцитиал вируслар, коронавирусларнинг оддий штаммлари ва бошқалар киради. Бундай вирусларнинг жами 250 га яқин тури мавжуд. Улар ҳаво-томчи йўли билан — йўталганда, аксирганда, мулоқот вақтида, шунингдек, касалланган одам билан ювилмаган қўллар, умумий идиш-товоқлар, сочиқлар ва маиший буюмлар орқали алоқада бўлиш натижасида юқади.

Грипп ҳам вирусли касалликлар қаторига киради, бироқ унинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Уни А, В ва баъзан С типидаги РНК таркибли махсус вируслар келтириб чиқаради, улар алоҳида инфекциялар гуруҳини ҳосил қилади. Кўпгина вируслардан фарқли ўлароқ, уларнинг мутацияга учраш қобилияти юқори бўлиб, ҳар мавсумда инсон иммунитети танимайдиган янги штаммлар пайдо бўлиши мумкин. Бу вирусга организм ҳимоясини осонлик билан «айланиб ўтиш» ва баъзи ҳолларда ҳатто оммавий тарқалиш, эпидемиялар ва пандемияларни келтириб чиқариш имконини беради. Гриппнинг юқиш механизми ҳаво-томчи ва контакт йўли билан кечади.

Шундай қилиб, биз «шамоллаш» деганда, аслида турли хил хавфларга эга бўлган вирусларга кўз юмамиз: енгил касалликдан тортиб жиддий асоратларгача.

Касалликка айнан қайси вирус сабаб бўлганини аниқлаш учун ПЗР таҳлилини топшириш керак (юқумли касалликлар қўзғатувчиларини аниқлаш учун қўлланадиган аниқ лаборатория диагностикаси усули — таҳр.). Таҳлилни касалликнинг дастлабки беш кунида ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Касалликни қандай аниқлаш мумкин?

Грипп тез ривожланади — инкубация даври 12 соатдан 2 кунгача. Аломатларга юқори ҳарорат (38,5−40 даража), титроқ, томоқ, мушаклар, бўғимлар ва кўкрак қафасидаги оғриқ, бурун оқиши, нафас қисиши ёки нафас олиш қийинлашиши, бош оғриғи ва бош айланиши, кўзларда ноқулайлик ёки ачишиш киради. Касалликнинг бошланиши кучли ҳолсизлик ва чарчоқ билан кечиши мумкин. Камдан кам ҳолларда кўнгил айниши, ич кетиши кузатилади.

Грипп болалар, кексалар, ҳомиладорлар ва сурункали касалликларга чалинганлар учун кўпроқ хавф туғдиради.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

ЎРВИ одатда аста-секин ривожланади. Инкубацион даври бир неча соатдан бир ҳафтагача давом этади. Касаллик тана ҳароратининг 38−38,5 даражагача кўтарилиши, томоқда қичишиш ва енгил оғриқ; тумов, аксириш, йўтал; бурундан ажралма келиши (ринорея); мушаклар ва кўкрак қафасида енгил оғриқлар; енгил қалтираш, кучсиз бош оғриғи, шунингдек, умумий ҳолсизлик ва уйқучанлик, иштаҳанинг пасайиши каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида қорин соҳасида ноқулайлик сезилиши мумкин.

Аксарият ҳолларда ЎРВИ фақат юқори нафас йўлларига таъсир қилади ва бир неча кундан кейин жиддий асоратларсиз ўтиб кетади.

Азиза Хўжаеванинг сўзларига кўра, гриппнинг айрим турлари ташқи кўринишдан ЎРВИга ўхшаши мумкин: ҳарорат аста-секин кўтарилади, интоксикация ўртача даражада намоён бўлади. Аниқ ташхисни фақат шифокор қўя олади.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Тана ҳароратининг кўтарилиши нима учун нормал ҳолат?

Иммунологнинг тушунтиришича, вирус танага киргач, иммун тизим дарҳол ишга тушади. Ҳимоя ҳужайралари ёт агентни аниқлайди, сигнал молекулалари — интерферонлар ва цитокинларни чиқаради. Улар вирусларнинг кўпайишига тўсқинлик қилади ва бошқа иммунитет ҳужайраларини фаоллаштиради.

Ҳароратнинг кўтарилиши организмнинг инфекцияга қарши табиий ҳимоя реакциясидир. Иссиқлик вируслар учун ноқулай муҳит яратади, ҳимоя ҳужайралари ишини тезлаштиради, қон айланишини кучайтиради ва қўзғатувчини йўқ қилишга ёрдам берадиган ферментларни фаоллаштиради.

Азиза Хўжаеванинг таъкидлашича, ҳарорат 38 даража атрофида бўлса, бемор ўзини яхши ҳис қилса ва касаллик нормал кечаётган бўлса, иситмани тушириш шарт эмас, ҳатто бу иммунитетнинг ҳимоя реакциясини секинлаштириши мумкин.

Асоратлар хавфини камайтириш учун дарҳол иситма туширувчи дори қабул қилиши лозим бўлган одамлар гуруҳига кексалар, фебрил тутқаноқларга мойил болалар, юрак-қон томир, аутоиммун касалликлари ёки миокардити бор беморлар киради. Улар учун юқори ҳарорат, айниқса, заиф ҳолатда, танага катта юк бўлиши мумкин.

Қандай ва нима билан даволаниш керак?

ЎРВИнинг енгил ва ўртача оғир кечишида организм табиий механизмлар — иммунитет, иссиқлик, шиллиқ қаватлар ёрдамида вирусни ўзи енгади. Агар бемор касалликни «оёқда» ўтказса, дам олмаса, ҳимояси заифлашади, бу эса асоратлар, бактериал инфекция қўшилиши ва узоқ муддатли тикланиш хавфини оширади.

Азиза Хўжаеванинг сўзларига кўра, хавфли аломатлар бўлмаса, уй шароитида тўғри парвариш қилиш кўпинча дори-дармонларни эрта қўллашдан кўра самаралироқ. Бунинг асосий мақсади — вирусга қарши курашда организмни қўллаб-қувватлаш ва иммунитет тизимини бостирмасдан касаллик белгиларини енгиллаштириш.

Кўп суюқлик ичиш

ЎРВИда кўп суюқлик: сув, морс, гиёҳли чойлар ичиш муҳим. Бу суюқлик мувозанатини сақлашга ёрдам беради, иммунитет тизими ишини енгиллаштиради, балғамни суюлтиради ва шиллиқнинг чиқишини яхшилайди. Етарли суюқлик ичмаслик шиллиқ қаватларнинг қуришига олиб келиши ва касаллик кечишини мураккаблаштириши мумкин.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Уйқу ва дам олиш

Вирусли инфекция пайтида иммунитет тизими патоген билан курашиш учун кучга муҳтож. Ортиқча жисмоний ёки ақлий зўриқиш — иш, саёҳат, стресс — соғайишни қийинлаштириши мумкин. Шунинг учун тўлақонли дам олиш, уйқу ва фаолликни камайтириш уй шароитида даволанишнинг асосий қисмидир.

Ҳавони шамоллатиш ва намлаш

Нафақат беморни парвариш қилиш, балки уйдаги шарт-шароит ҳам муҳим аҳамиятга эга. Дим, иссиқ ва қуруқ хонада касаллик оғирроқ кечади. Шамоллатиш, мўътадил ҳарорат ва намликни сақлаш нафас олишни енгиллаштиришга, шиллиқ қаватларга тушадиган юкни камайтиришга ва аломатларни енгиллаштиришга ёрдам беради.

Душ ва артиниш

Енгил артиниш ёки илиқ, қулай душ оғриқни камайтириши, ҳароратни пасайтириши ва аҳволни яхшилаши мумкин. Кучли иситма, ҳолсизлик, қалтирашларда аҳволни оғирлаштирмаслик учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш керак.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Тузли эритмалар билан ювиш

Бурунни ювиш ЎРВИ аломатларини енгиллаштиришнинг энг оддий ва самарали усулларидан биридир. Денгиз суви ёки оддий физиологик тузли эритмалар шиллиқ қаватни вирус заррачаларидан тозалашга, тиқилиб қолишни енгиллаштиришга, шиллиқнинг чиқиб кетишига ёрдам беради ва микроб юкини камайтиради. Бу бурун-ҳалқумнинг таъсирланишини ва бактериялар қўшилиши хавфини камайтиради.

Тозаланган шиллиқ қават нафақат нафас олишни енгиллаштиради, балки организмнинг биринчи ҳимоя чизиғидаги вируслар сонини камайтиради. Вируслар қанчалик кам бўлса, иммунитет уларни шунчалик осон енгади.

Муҳим: Ювиш учун ишлатиладиган сув, агар эритмани ўзингиз тайёрласангиз, стерил, дистилланган ёки қайнатилган (ва совитилган) бўлиши керак.

Витаминлар ва тўғри овқатланиш

Оқсил, клетчаткага бой тўлақонли овқатланиш, шунингдек, ўртача миқдордаги витаминлар, айниқса, D ва C касаллик пайтида иммунитетни қўллаб-қувватлайди. Рационга таркибида рух бўлган маҳсулотлар, антиоксидантлар ва пробиотикларни киритиш фойдали. Ёғли ва оғир овқатлардан вақтинча воз кечган маъқул.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Гриппда организм агрессивроқ инфекцияга дуч келади. Бундай ҳолларда уй шароитидаги парвариш муҳим, бироқ кўпинча фаол муолажа талаб этилади. Шифокор вирусга қарши дорилар буюради (этиотроп терапия), айниқса, симптомлар пайдо бўлгандан кейинги дастлабки 48 соат ичида самарали бўлади. Касаллик белгиларини енгиллаштириш учун дори-дармонлар билан даволашни тайинлаши мумкин: юқори ҳароратда иситма туширувчи, аллергияда антиҳистамин, сувсизланишнинг олдини олиш учун кўп миқдорда ичимлик, тумов ва томоқ оғриғига қарши дорилар.

Нима қилмаслик керак?

Вирусли инфекцияларда шуни тушуниш муҳимки, барча дорилар уй шароитида қўлланишга мос келмайди. Вирусга қарши дорилар тор йўналишга эга бўлиб, фақат муайян вирусларга қарши самарали ҳисобланади. Азиза Хўжаеванинг тушунтиришича, бундай препаратлар маълум бир вируснинг аминокислота ва нуклеотид кетма-кетлигини ҳисобга олган ҳолда яратилади. Шунинг учун уларни қўллашдан олдин қайси вирус касалликни келтириб чиқарганини аниқ билиш лозим. Бугунги кунда, шифокорнинг фикрича, грипп вирусига қарши осельтамивир ва коронавирусга қарши молнупиравир синовдан ўтган дорилар ҳисобланади.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Оддий вирусли инфекцияда дексаметазон каби гормонал воситаларни қўллаш мақсадга мувофиқ эмас. Бу иситма туширувчи ёки кундалик даволаниш воситаси эмас. Иммунологнинг тушунтиришича, бу дори фақат кучли яллиғланишда, реактив оқсил ва интерлейкинлар кўрсаткичлари сезиларли даражада ошгандагина буюрилади. Акс ҳолда, дексаметазон организмнинг иммунитет жавобини бостириши ва иммунитет тизимининг вирусни «эслаб қолиш» самарадорлигини пасайтириши мумкин. Бу эса инфекция билан қайта учрашганда ҳимояни сусайтиради.

Шундай қилиб, аниқ ташхис қўймасдан ва шифокор назоратисиз вирусга қарши ва гормонал воситалар билан ўз-ўзини даволаш нафақат бефойда, балки иммунитет ва организмнинг келажакдаги ҳимояси учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.

Қандай ҳолда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак?

Ҳатто енгил кечган тақдирда ҳам, касаллик асоратланиши мумкин, шунинг учун қайси аломатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш кераклигини билиш муҳим. Азиза Хўжаева қуйидаги огоҳлантирувчи белгиларни таъкидлайди:

  • Узоқ муддатли ёки такрорий юқори ҳарорат — агар иситма тахминан беш кун давом этса, пасайиб, яна кўтарилса;
  • Чидаб бўлмас даражада юқори ҳарорат;
  • Ҳансираш ёки нафас олишнинг қийинлашуви, қондаги кислород миқдорининг пасайиши;
  • Бурундан йирингли, яшил ёки кулранг ажралмалар, қуюқ сариқ-яшил балғам;
  • Аҳволнинг кескин ёмонлашуви, ҳолсизлик, кучли уйқучанлик, бош айланиши;
  • Кўкрак қафасидаги оғриқлар, юрак уришининг тезлашуви, тутқаноқ ёки кучли қорин оғриғи.

Иммунологнинг таъкидлашича, бундай аломатларнинг пайдо бўлиши кўпинча бактериал инфекциянинг қўшилганидан далолат беради. Бундай ҳолларда шифокор билан маслаҳатлашиш ва, эҳтимол, антибиотиклар қабул қилиш зарур бўлади.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш

Грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш чоралари кўп жиҳатдан ўхшаш. Иммунитетни мунтазам равишда мустаҳкамлаш: мунтазам равишда тоза ҳавода сайр қилиш, чиниқиш фойдали. Спорт билан шуғулланишда (сузиш, югуриш, велосипед ҳайдаш) ёш ва индивидуал хусусиятларни ҳисобга олиш лозим.

Тўлақонли овқатланиш муҳим роль ўйнайди. Рационга сифатли оқсил манбалари — парранда гўшти, балиқ, денгиз маҳсулотлари, тухумни киритиш керак. C витамини таркибли маҳсулотлар: тузланган карам, наъматак қайнатмаси, цитрус мевалар, киви, қорағат (смородина), брокколи фойдали. Ҳар куни барра сабзавотлар, мевалар ва мавсумий резаворлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Организмга рух, селен ва омега-3 ёғ кислоталарига бой маҳсулотлар қўшимча ёрдам беради, чунки улар иммунитет тизимининг ишида қатнашади ва яллиғланиш жараёнларини камайтиради.

азиза хўжаева, грипп, дилдора секлер, саломатлик, ўрви, шамоллаш

Эпидемия даврида одамлар кўп тўпланадиган жойлардан сақланиш мақсадга мувофиқ. Агар бунинг иложи бўлмаса, ниқоб ва қўлқоплардан фойдаланиш, уйга қайтгач, қўлларни яхшилаб ювиш ҳамда имкон қадар бурунни туз ёки денгиз эритмалари билан чайиш керак. Уйда хонани мунтазам равишда шамоллатиш, нам тозалаш ўтказиш ва оптимал ҳаво намлигини сақлаб туриш тавсия этилади. Тўлақонли уйқу, дам олиш ва кун тартибига риоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга — булар организмга вирусларга қарши самарали курашишга ёрдам беради.

Гриппнинг олдини олишнинг энг ишончли усулларидан бири эмлаш бўлиб, у касалликнинг оғир кечиш хавфини камайтиради ва иммунитетни шакллантиради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *