Сирдарё вилояти Боёвут туманида 2026 йилда Султонҳовуз сув омбори қурилиши бошланади. Бу ҳақда президент иштирокида ўтказилган халқ депутатлари кенгашида маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сув омбори қурилишидан мақсад — экин ерларида сув таъминотини яхшилаш.
100 млн куб метр сиғимлик Султонҳовуз сув омбори орқали Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларидаги 110 минг гектарда йилига 2 марта ҳосил олиш имконияти яратилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, йиғилишда ерларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаб туриш учун вилоятдаги 16 минг километр зовурларни босқичма-босқич тозалаш вазифаси қўйилди.
Айтилишича, вилоятдаги 200 минг гектарга яқин экин ерлари кучли ва ўрта даражада шўрланган. Шўрланган ерларни соғломлаштириш бўйича пилот лойиҳани Сирдарёда синовдан ўтказиб, натижасига қараб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, давлат раҳбари мутасаддиларга сув ҳисобини юритиш бўйича Сирдарёни намунали ҳудудга айлантириш кераклигини кўрсатиб ўтди.
