• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Экорейдларда тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши шарт — бизнес омбудсман офиси


Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес омбудсман) офиси сўнгги кунларда ҳаво ифлосланиши фонида давом этаётган экорейдлар чоғида ваколатли органларни бизнес эгаларининг ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.

«Сўнгги кунларда пойтахтимизда ҳаво сифатининг пасайиши ва экологик вазиятнинг кескинлашуви барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Ушбу муаммо давлат миқёсидаги энг муҳим вазифалардан бирига айланди», — дея таъкидлади офис.

Қайд этилишича, экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия томонидан ҳар кеча рейдлар ўтказилиб, экологик қонунбузарликлар аниқланаётгани — экологик назоратни кучайтириш борасидаги долзарб ишларнинг ижроси.

Шу билан бирга, дейилади офис хабарида, бу жараёнда айрим ҳудудларда тадбиркорларнинг қонуний мулкига зарар етказиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.

«Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Тадбиркорлик субъектини тугатиш ёки унинг мол-мулкига нисбатан бошқа чоралар кўриш фақатгина ваколатли орган ёхуд суд қарорига биноан амалга оширилади.

Ваколатли давлат органларини ушбу муҳим жараёнларда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонуний манфаатлари ва мулкий ҳуқуқларини таъминлашга, хусусий мулкка нисбатан қонун бузилишига йўл қўймасликка ва ҳар қандай чораларни амалдаги қонунчилик асосида амалга оширишга чақирамиз», — таъкидланади бизнес омбудсман офиси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Андижон вилояти Шаҳрихон туманида экорейд чоғида экскаваторлар сомса тандирларини бузиб ташлади. Танқидлардан сўнг ҳокимлик видео ва фотоларни ўчирди. Туман ҳокимига ҳайфсан берилди.

Шунингдек, Шаҳрихон ҳокимлигининг маълум қилишича, рейдлар давомида бозордаги ошхоналарда санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши, газ баллонларидан тўғри фойдаланиш ҳолати баҳоланмоқда. Текширувлар натижасида айрим муассасалар муҳрланиб, баллонлари мусодара қилинган.

Бир кун аввал Тошкент вилояти Қибрай туманидаги кўмир ёқилаётган иссиқхонада бўлган Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева шундай деганди: «Тадбиркорлар ўзининг ҳар бир ҳаракати учун жавобгарликни бўйнига олиши шарт, экологияга етказилаётган зарарни моддий манфаат, мўмай даромад билан оқлаб бўлмайди». Шу билан бирга, у «тадбиркорлар ўз фаолиятини қонуний ва хавфсиз юритишлари учун ёрдам кўрсатиш зарур»лигини таъкидлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *