Ҳудудларда ҳокимлик идоралари фаолиятида коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Боғдод туман ҳоким ўринбосари 8 минг доллар олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида аниқланишича, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, Бешариқ туманида яшовчи фуқаро томонидан электрон онлайн аукцион савдо платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида ютиб олинган 2,4 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога мулк ҳуқуқи асосида ўтказиб беришни ваъда қилган.
Шунингдек, Наманган шахри ҳокимининг маҳаллалардан биридаги ёрдамчиси мазкур маҳалладаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ер майдонларидан 8 сотих қисми учун далолатнома расмийлаштириб, бир йил давомида нотурар сифатида фойдаланиб туриш ва бир йилдан сўнг ер тоифаси карорини турар-жой тоифасига ўзгартириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига фуқародан 6000 доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда ҳокимлик вакили келишилган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай ҳолат Янги Наманган тумани маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳам кузатилган. Ҳоким ёрдамчиси туман ҳокимлиги ва кадастрдаги танишлари орқали ушбу маҳалладаги 12 сотих давлат захирасида бўлган ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 16 минг долларни талаб қилиб, олдиндан 6000 доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳокимликлар вакилларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
