Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва 2026−2028 йилларга мўлжалланган Бюджетномани тақдим этди. Ҳужжат 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтди.
|
Кўрсаткичлар |
2026 йил учун прогноз |
Мақсадли кўрсаткичлар |
|
|
2027 йил |
2028 йил |
||
|
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), трлн сўм |
1 976 |
2 256 |
2 576 |
|
ЯИМ ўсиш суръати, % |
6,6 |
6,8 |
6,9 |
|
Инфляция, % |
7 |
5−6 |
5 |
|
Саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръати, % |
6,4 |
6,7 |
6,9 |
|
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати, % |
4,2 |
4,3 |
4,3 |
|
Бозор хизматларининг ўсиш суръати, % |
14,5 |
14,3 |
14,4 |
|
Қурилиш ишларининг ўсиш суръати, % |
10,2 |
8,3 |
8 |
Лойиҳага кўра, 2026 йилда иқтисодиёт 6,6 фоизга — 1 квадриллион 976 трлн сўмгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Саноат ишлаб чиқариши 6,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги — 4,2 фоизга, хизматлар соҳаси — 14,5 фоизга, қурилиш — 10,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Келгуси йилда инфляция кўрсаткичи 7 фоизгача, 2027 йилда эса 5−6 фоизгача пасайиши керак.
Бюджет параметрлари
Консолидациялашган бюджет даромадлари (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари) 515,4 трлн сўмни, харажатлари эса 567 трлн сўмни ташкил этади.
Максимал фискал тақчиллик 59,9 трлн сўмдан ёки ЯИМнинг 3 фоизидан ошмаслиги лозим.
|
№ |
Кўрсаткичлар |
2026 йил учун прогноз |
Бюджет мўлжаллари |
|
|
2027 йил |
2028 йил |
|||
|
I. |
Консолидациялашган бюджет даромадлари |
515 354,80 |
584 973,90 |
663 200,80 |
|
1 |
Давлат бюджети даромадлари |
368 918,30 |
425 532,00 |
486 168,80 |
|
2 |
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари * |
78 168,00 |
87 490,20 |
101 488,20 |
|
3 |
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тушумлар |
24 315,40 |
25 361,40 |
26 624,00 |
|
4 |
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушумлар |
43 953,10 |
46 590,30 |
48 919,80 |
|
II. |
Консолидациялашган бюджет харажатлари |
566 991,50 |
644 465,30 |
732 557,80 |
|
1 |
Давлат бюджети харажатлари * |
328 850,50 |
384 935,00 |
449 096,50 |
|
2 |
Жамғармалар харажатлари |
147 508,60 |
161 180,00 |
176 239,20 |
|
3 |
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари |
24 315,40 |
25 361,40 |
26 624,00 |
|
4 |
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари харажатлари |
43 953,10 |
46 590,30 |
48 919,80 |
|
5 |
Ташқи қарз ҳисобига давлат дастурлари харажатлари |
22 363,80 |
26 398,60 |
31 678,30 |
|
III. |
Давлат дастурларини молиялаштириш учун депозитлар, бюджет ссудалари ва кредит линиялари салдоси |
8 223,40 |
8 874,50 |
8 761,50 |
|
IV. |
Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертлар |
73 586,50 |
75 717,70 |
78 837,40 |
|
V. |
Давлат бюджетига трансфертлар |
13 200,00 |
15 500,00 |
16 500,00 |
|
VI. |
Умумий фискал баланс (профицит + / дефицит -) |
-59 860,10 |
-68 365,90 |
-78 118,50 |
|
VII. |
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари қолдиғи (профицит + / дефицит -) |
-29 272,90 |
-33 092,90 |
-37 678,70 |
|
VIII. |
Давлат қарзини сўндириш |
49 198,80 |
51 340,80 |
72 182,40 |
Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) миқдорида режалаштирилган. Бюджет ва мақсадли жамғармалар тақчиллиги ЯИМга нисбатан 1,5 фоиз ёки 29,3 трлн сўм даражасида прогноз қилинмоқда.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (трансфертларсиз) 78,2 трлн сўм, харажатлари 147,5 трлн сўм миқдорида режалаштирилган. Уларга республика бюджетидан 73,6 трлн сўм миқдорида трансфертлар ажратилади.
Пенсия жамғармаси даромадлари 64,7 трлн сўмни, харажатлари 86,1 трлн сўмни ташкил этади, бунда жамғарма 23 трлн сўм миқдорида трансфертлар олади.
2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан молиялаштириладиган давлат дастурлари харажатлари консолидациялашган бюджет таркибига киритилмоқда. 2026 йилда улар 22,4 трлн сўмни ташкил этади.
Ташқи қарзлар ва давлат-хусусий шериклик
Ташқи қарзлар бўйича йиллик янги битимларнинг юқори чегараси 5 млрд доллар этиб белгиланди (жорий йилда — 5,5 млрд), шундан:
- 2,5 млрд доллар — бюджетни қўллаб-қувватлаш ва тақчилликни молиялаштиришга;
- 2,5 млрд доллар — инвестиция лойиҳаларига.
Давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми бўйича лимит 30 трлн сўм доирасида белгиланди (ҳозир ҳам шундай).
Бундан ташқари, давлат бюджети учун хавф-хатарларни камайтириш мақсадида давлат томонидан мажбуриятларни (сотиб олиш ёки тўлаш) қабул қилишни назарда тутувчи янги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд доллар даражасида сақлаб қолиниши белгиланмоқда.
Маҳаллий бюджетлар ва солиқлар тақсимоти
Республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 19,7 трлн сўм миқдорида тартибга солувчи трансфертлар йўналтирилади. Бу жорий йилда кутилаётган 18,5 трлн сўмдан 6,4 фоиз кўпдир.
Маҳаллий бюджетлар барқарорлигини ошириш мақсадида ҚҚС тушумларининг бир қисми эндиликда уларга ўтказиб берилади, хусусан:
- Тошкент шаҳрида йиғилган ҚҚС тушумларининг 5 фоиз қисми;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда йиғилган ҚҚС тушумларининг 20 фоиз қисми.
Йирик солиқ тўловчилардан олинадиган солиқлар ҳам тегишли ҳудудлар бюджетларига тўлиқ ўтказилади.
2026 йилдан бошлаб олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейлар ҳам худди коллежлар ва техникумлар каби маҳаллий бюджетдан молиялаштирилади.
Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш харажатлари республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказилади, яъни уларни ҳокимликлар молиялаштиради.
Хизматлар, саноат ва аграр сектор
Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2026 йилда иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига тўхталар экан, келгуси йилларда хизматлар соҳаси иқтисодиётда драйвер соҳа бўлиб қолишини таъкидлади. Билим ва юқори технологияларга асосланган соҳалар диққат марказида бўлади.
Хусусан, сунъий интеллект асосида яратиладиган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 10 млн доллардан 200 млн долларгача ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришда давом этилиб, жумладан, қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- 66 минг км оптик толали алоқа линияларини ўтказиш;
- 2284 та база станциясини ишга тушириш;
- 100 дан ортиқ янги ахборот тизимларини жорий этиш.
Бундан ташқари, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳаллада 5000 та инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, 1000 га яқин маҳаллани боғлайдиган 200 та гавжум кўчани замонавийлаштириш режалаштирилган.
Саноатда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар улушини кўпайтириш дастурлари амалга оширилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, энергетика соҳасида 11,7 ГВт янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Ҳудудлар кесимида микродастур доирасида 257 та маҳаллада 316 та саноат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, 30 та маҳаллада 34 та янги юқори технологияли лойиҳа ишга туширилади, 50 та маҳаллада эса тармоқ ихтисослашувидан келиб чиқиб, микросаноат марказлари ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самарадорликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилади.
Сув сарфини камайтириш дастури доирасида 1200 км дан ортиқ тупроқ ўзанли суғориш каналлари бетонланади.
Қўчқоровнинг сўзларига кўра, президент топшириқлари ҳамда илғор хорижий навлар ва технологияларни жорий этиш натижасида бу йил пахта ҳосили сезиларли даражада ошган. «Келгуси йилда бу тажриба янада кенг қўлланилади», — дея таъкидлади у.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида 16 та агростар 1000 та маҳаллага сифатли уруғ ва кўчатларни қулай нархларда етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлайди.
Тупроқ унумдорлигига мувофиқ экинларни жойлаштириш ҳисобига ер ислоҳотлари давом эттирилади, бу эса ҳосилдорликни оширишга имкон беради.
2026 йилда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва инфратузилмани кенгайтириш орқали ялпи ҳудудий маҳсулотнинг камида 6−6,5 фоиз ўсишини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёни жадаллаштирилади.
Сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш орқали уларнинг самарадорлигини 10−15 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.
Қўчқоровнинг таъкидлашича, бизнес муҳитини яхшилаш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилади. Рақамлаштириш туфайли лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-қоидалари сезиларли даражада соддалашади.
Инновацияларни ривожлантириш учун стартап инфратузилмаси кенгайтирилади. Прогнозларга кўра, 2026 йил охиригача венчур фондлари иштирокида камида 200 та стартап ишга туширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ 2026 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати лойиҳасини тақдим этганди.
Унга кўра, асосий ставкалар ўзгаришсиз қолади, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва таркибида шакар бўлган ичимликлар учун акциз солиғи оширилади, чипслар учун янги солиқ жорий этилади ва маркетплейслар учун ставкалар кўтарилади. Кичик бизнес учун ҳисоботларни соддалаштириш ва енгилликлар бериш режалаштирилмоқда.
