• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2027 йилгача Ўзбекистоннинг яна тўрт вилоятида электр тармоқлари хусусий бошқарувга берилади


Ўзбекистон ҳудудларида электр тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтишда давом этади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни Тошкентда янги энергия ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, электр энергияси генерацияси йўналишидаги ислоҳотлар натижасида соҳага хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри жалб этишда катта тажриба тўпланган.

«Жорий йилдан нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини қўллашни бошладик», — деди у.

Давлат раҳбари Туркиянинг Aksa Elektrik компанияси билан Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга ўтказиш бўйича келишувга эришилганини эслатди.

Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади, дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев шундай механизм бошқа ҳудудларда ҳам таклиф этилишини таъкидлади. 2026 йилда инвесторларга Жиззах ва Сирдарё вилоятлари, 2027 йилда эса Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқларини назорат қилиш таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Aksa Enerji компанияси Самарқанд вилояти электр тақсимлаш тармоғини бошқариш ва модернизация қилиш бўйича халқаро тендерда ғолиб чиққанди. Компания 30 йиллик бошқарув давомида $1 млрд инвестиция киритмоқчи. Яна 9 та иштирокчи лойиҳага қизиқиш билдирган.

ДХШ дастурига кўра, барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар 2027 йил 1 июлгача имзоланиши кутилмоқда.

Ўтган йилнинг июль ойида Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Ходжаев ҳар бир ҳудудда тақсимловчи тармоқлар белгиланган муддатга концессия асосида инвесторга берилишини маълум қилганди.

«Инвестор тармоқни бошқаради, таъмирлайди ва янги тармоқлар қуради. Натижада уларнинг тармоғи орқали ўтаётган ҳар бир кВт/соат электр энергияси учун маълум сумма олади. Якуний истеъмолчи нимани ҳис қилади? Биринчидан, мобил илова орқали ҳозиргидек тўлашда давом этасиз. Шунчаки, бу маблағнинг бир қисми тармоқни бошқараётган инвесторга тушади», — дея тушунтирганди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *