4 декабрь куни «Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-368-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарор билан Тошкент шаҳри транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилди, жумладан:
- аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш;
- автобуснинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км соатдан 24 км соатга етказиш;
- транспорт воситалари учун 150 минг ўринли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
- метрополитен тармоғи узунлигини 103 кмга етказиш.
Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилади.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:
- замонавий рақамли ва «яшил» технологияларни қўллаш орқали Тошкент шаҳрида транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимларини узлуксиз мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш;
- Тошкент шаҳрининг транспорт мастер режасини яратиш;
- ҳудудлардан кириб келадиган асосий автомобиль йўлларидаги жамоат транспорти бош бекатлари (автобус ва метро) кесишмаларида транспорт воситаларининг кўп қаватли тўхтаб туриш жойларини ташкил қилиш;
- Тошкент шаҳри ерусти метро линиялари ҳамда йўл ўтказгичлари остида, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда, транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларини ташкил қилиш.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрининг транспорт ва йўл инфратузилмасини бошқаришнинг замонавий ахборот технологиялари билан интеграциялашган интеллектуал транспорт тизими ишлаб чиқилмоқда ҳамда унда қуйидагилар назарда тутилади:
- видеокузатув воситалари ва сенсорлардан фойдаланган ҳолда транспорт, пиёда ва йўловчи оқимлари тўғрисида маълумотлар йиғиш;
- транспорт ва пиёда оқимларини таҳлил қилиш асосида светофорларни бошқариш, светофор фазаларини автоматик тарзда мослаштириш;
- агар ҳаракат жадвалидан четга чиқилса, махсус ва жамоат транспорти воситалари ҳаракатининг устуворлигини таъминлаш;
- автотранспортлар, шу жумладан, махсус техникалар ҳаракатини мониторинг қилиш, қурилиш ҳамда махсус техникаларнинг махсус механизмлари ишини назорат қилиш;
- йўл-транспорт ҳодисаси хавфи юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш, улар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Қарорга кўра, «Қулай муҳит» ва «Ҳокимият монитори» ахборот тизимлари яратилади. Улар қуйидагиларни назарда тутади.
Маъмурий видеокузатув тизимлари орқали:
- ободонлаштириш ва қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунбузилишларни автоматик қайд этиш;
- маҳалла ҳудудида гиёҳванд моддалар тарқатилишининг олдини олишга кўмаклашиш;
Рақамли видеодомофон тизимлари орқали:
- турар жой бинолари атрофини назорат қилиш;
- аҳолини тезкор хабардор қилиш ва тўғридан-тўғри қайта алоқа ўрнатиш;
Диспетчерлик марказини ўз ичига олувчи ягона шаҳар платформаси орқали:
- маҳаллалар ҳудудидаги ҳолатни тезкор мониторинг қилиш ва ҳудудларга хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилиш;
- катта ҳажмдаги маълумотлар базаси («Big Data») таҳлили ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ҳисобига ободонлаштириш соҳасини бошқариш сифатини ошириш.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг очилиши тирбандликни камида 30−40 фоизга камайтиришини қайд этганди.
