Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 3 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда соғлиқни сақлашнинг ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларини молиялаштиришга эътибор қаратган ҳолда 2026 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳасини муҳокама қилди. Парламент аъзоларидан бири бир қатор дастурлар бўйича харажатлар камайтирилишини таъкидлади, шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз тушунтиришларини берди.
2026 йилда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш учун 220 млрд сўм ажратиш режалаштирилган. Депутат Муҳаммад Валиевнинг сўзларига кўра, бу миқдор 2025 йилга нисбатан 19 фоизга кам. 2025 йилги давлат бюджетида икки хил сумма кўрсатилган: Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасидан 271,1 млрд сўм ажратиш режалаштирилган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бюджетида бу мақсад учун 200 млрд сўм кўзда тутилган.
Парламент аъзосининг сўзларига кўра, болалар, шунингдек, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш харажатларини тўрт баравардан кўпроқ — 176 млрд сўмдан 42,8 млрд сўмгача камайтириш режалаштирилган. 176 млрд сўм режалаштирилган бўлса-да, амалда 60,5 млрд сўм ёки қарийб 3 баробар кам маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тадбирлари харажатларини молиялаштириш учун 86 млрд сўм ўрнига 50 млрд сўм ёки 1,7 баравар кам маблағ ажратиш режалаштирилган. Шу билан бирга, бюджетномага мувофиқ режалаштирилган 86 миллиард сўмга қарамай, амалда жорий йилда 31,2 миллиард сўм ёки деярли уч баравар кам маблағ ўзлаштирилиши кутилмоқда.
«Ушбу харажатларни камайтиришнинг асосий сабаблари нимада? Ва уларнинг қисқариши тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмайдими?» — дея савол қўйди депутат.
Муҳаммад Валиев
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ушбу йўналишларда маблағлар қисқартирилиши ҳақидаги иддаони рад этиб, харажатларнинг бир қисми бошқа манбалар ва лойиҳалар ҳисобидан қопланаётганини таъкидлади.
Спинал мушак атрофияси бўлган болаларни даволаш ҳақида гапирар экан, у қуйидагиларни таъкидлади:
«Биринчидан, спинал мушак атрофияси ҳақида. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: давлатимиз раҳбарининг қарорларига кўра, Ўзбекистон оғир, даволаб бўлмайдиган, аммо кам учрайдиган орфан касаллик — СМАни даволашни молиялаштирадиган 50 та давлат қаторига киритилди».
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилда 220 миллиард сўм кўзда тутилган — шундан 208 миллиард сўми бюджетдан ва 14 миллиард сўми жамғарма маблағлари қолдиғидан. «Бу ерда ҳеч қандай қисқартириш йўқ. Бундан ташқари, керак бўлса, қўшимча маблағ ажратилади — биз ҳар бир болани дори билан шахсан, фамилияси бўйича таъминлаймиз. Яъни қисқартириш йўқ», — деди у.
Элмира Боситхонова
Болалар ва аёлларни ихтисослаштирилган профилактик препаратлар билан таъминлаш бўйича, унинг сўзларига кўра, 2025 йилда эҳтиёжнинг реал ҳажми аниқлаштирилди:
«Иккинчидан, болалар ва туғиш ёшидаги аёлларни махсус профилактик препаратлар билан таъминлаш масаласида. 2025 йилда Ҳисоб палатаси билан биргаликда ушбу препаратларга бўлган реал эҳтиёжни ўргандик. У 45,1 млрд сўмни ташкил этди. Қолган 13,9 млрд сўм бошқа тўлиқ молиялаштирилмаган дастурларга йўналтирилди».
ОИВга қарши курашни молиялаштириш бўйича саволга жавоб берар экан, Боситхонова халқаро тузилмаларнинг иштирокига ишора қилди: «Навбатдаги масала — инсон иммунитети танқислиги вирусига қарши кураш бўйича. 2026 йилга мўлжалланган инфекция тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 1-иловаси 7-бандида ишларнинг бир қисми Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қиймати 5,33 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳаси доирасида амалга оширилиши белгиланган. Шунинг учун бюджет бу қисм бўйича қўшимча харажат қилмайди. Бюджетдан 50 млрд сўм ажратилган, бу ерда ҳам қисқартириш йўқ».
Шунингдек, у оториноларингология хизмати билан боғлиқ вазиятга ҳам изоҳ берди: «Молиялаштириш камайиб бораётганга ўхшайди, лекин тушунтириб ўтмоқчиман: 2025 йилда Республика оториноларингология маркази ва унинг илмий-амалий лабораторияси 6,75 миллион АҚШ доллари эвазига замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Шунинг учун 2026 йилда бундай инвестиция харажатлари шунчаки киритилмаган ва маблағлар даволаш фаолиятига йўналтирилган».
Давлат бюджети лойиҳасига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш 36 фоизга — қарийб 5 трлн сўмдан 6,8 трлн сўмгача оширилиши режалаштирилган.
