Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларни ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтказишни тақиқлашни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.
«16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларни онлайн платформаларда рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, тезкор хабар алмашиш хизматларида рўйхатдан ўтиш бундан мустасно», — дейилади қонун лойиҳасида. Шу тариқа, 16 ёшгача бўлган болаларга аксарият онлайн платформаларда аккаунтлар очиш тақиқланади, мессенжерлар бундан мустасно, дея таъкидлайди нашр.
Тушунтиришда тузатишлардан мақсад «болаларни онлайн платформаларда тарқатилаётган зарарли ва ҳуқуққа хилоф контентлардан ҳимоя қилиш» экани айтилган, деб ёзади Tengrinews.kz.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси йирик онлайн платформалар — ижтимоий тармоқлар, видео хизматлар, маркетплейслар ва бошқаларни Қозоғистон ҳудудида ваколатхона ёки филиални рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклашни таклиф қилмоқда.
Ҳужжатни ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, йирик платформаларнинг юридик ваколатхонаси йўқлиги «давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни ва қонунчилик ижросини қийинлаштиряпти».
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан ваколатли органга (айнан қайси идора экани кўрсатилмаган) онлайн платформалар мониторингини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. Бунга онлайн платформаларнинг қонунга зид контентни олиб ташлаши, ёш чекловларига риоя қилиши ва аноним ҳисобларни ошкор қилиш талабларини қандай бажаришини кузатиш киради.
«Онлайн платформалар мулкдорлари ва (ёки) қонуний вакиллари (ваколатхоналари) томонидан ваколатли органнинг кўрсатмалари бажарилмаган тақдирда, ваколатли орган онлайн платформадан фойдаланишни чеклайди», — дейилади ҳужжатда.
