«Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш лойиҳасини бошлади, деб хабар берди Озарбайжон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шахбазов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 5 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган янги энергетика лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Хитой, Озарбайжондан ҳамкорлар билан мамлакатнинг турли ҳудудларида амалга ошираётган лойиҳалари тақдим этилди.
Маросимда сўзга чиққан Парвиз Шахбазовнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа «энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини тасдиқлайди, углеводородлар соҳасида технологиялар алмашинуви учун замин яратади ва минтақавий энергетика интеграциясига ёрдам беради».
Шахбазов, шунингдек, илк бор Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг энергия тизимларини боғлайдиган Транскаспий энергия йўлаги лойиҳасини стратегик аҳамиятга эга деб атади.
Лойиҳа оператори офиси очилди
4 декабрь куни Тошкентда Ustyurt Operating Company офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Компания Устюрт нефть-газ ҳудудида геология-қидирув ишлари ва углеводородларни қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган. Бу ҳақда SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси маълум қилди.
Очилиш маросимида «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов, SOCAR вице-президенти Арзу Жавадова, лойиҳа гуруҳлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
Озарбайжон компанияси маълумотларига кўра, Ustyurt Operating Company қисқа муддатда рўйхатга олинган: зарур рухсатнома ва лицензиялар олинган, профессионал жамоалар тузилган, кон қидирув ишларига тайёргарлик бошланган.
Компания офисининг очилиши лойиҳани фаол амалга ошириш босқичига ўтилганидан далолат беради, дейилади хабарда.
«Ўзбекнефтгаз» маълумотларига кўра, Ustyurt Operating Company фаолияти ресурс базасини мустаҳкамлаш, геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли энергия барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Компания 2025 йил 11 сентябрда Тошкентда рўйхатга олинган. Таъсисчиси SOCAR BTBK (100%), раҳбари SOCAR вице-президенти маслаҳатчиси Ризван Маммадов.
Лойиҳа ҳақида
24 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди. Ҳужжат Устюрт нефть-газ минтақаси — Бойтерак, Теренгқудуқ, Биргори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни кўзда тутади.
Ҳужжатга кўра, қидирув ва кузатув ишларини, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғилашни беш йил ичида якунлаш кўзда тутилган. Бу даврда SOCAR оператор сифатида ишлайди.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, лойиҳа доирасида 100 миллион тонна нефт ва 35 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиниши кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, гап «нефтнинг улкан захираларига эга йирик кон топилиши эҳтимоли» ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон Британиянинг BP компанияси билан Устюрт ҳудудида маҳсулот тақсимотига оид битимга қўшилиш бўйича дастлабки музокаралар олиб бормоқда. Энергетика вазирлигининг Gazeta’га маълум қилишича, компаниянинг қизиқиши тасдиқланган. Лойиҳанинг амалдаги иштирокчилари «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR 2 миллиард доллар сармоя киритмоқчи.
