Ўзбекистон ягона энергетика бозорини шакллантиришга эътибор қаратиб, минтақавий энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни Тошкентда янги энергетика объектларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш ишлари жадал давом эттирилади.
2026 йилда Хитой тажрибаси асосида 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади. Бунинг натижасида 30 мингта камбағал оилага «яшил» энергия кириб боради, улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади, дейилади хабарда.
Жорий йилда тадбиркорлар томонидан умумий қуввати 40 МВт бўлган кичик ва микро ГЭСлар қурилди, 120 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, қўшимча даромад манбаи яратилди. Келгуси йилда улар яна 65 МВт қувватга эга кичик ГЭСлар қуришни режалаштирмоқда, бу эса 80 минг хонадоннинг электр таъминотини яхшилаш имконини беради, дея қайд этди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Бразилияда бўлиб ўтган COP-30 конференциясида Ўзбекистон 2035 йилга бориб атмосферага зарарли газлар чиқарилишини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олганини эслатиб ўтди. Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион ICRAFT лойиҳаси бошланди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 млн тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришилди.
Жорий йилда 17 та йирик саноат корхонаси «яшил» энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.
Президент Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди. «Минтақамизнинг гидроенергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз», — деди Мирзиёев.
У, шунингдек, Озарбайжон ва Қозоғистон билан Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича «яшил» энергойўлак лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик ролини таъкидлаб, улар раҳбариятининг «қатъий қилувчи саъй-ҳаракатларини» эътироф этди.
Сўзи якунида президент ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар келажак авлодлар учун янги имкониятлар очиб, янги турдаги замонавий энергия тизимини яратишни жадаллаштиришини таъкидлади.
Энергетика вазирлари ва ҳамкор компаниялар вакилларининг чиқишларидан сўнг Мирзиёев рамзий тугмани босиб, 42 та энергетика объектини ишга туширди, яна 21 тасида қурилиш ишлари бошланди.