5 декабрь куни АҚШ пойтахти Вашингтонда футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси K гуруҳидан ўрин олди. Фабио Каннаваро шогирдлари плей-офф йўлланмаси учун Португалия, Колумбия термаларига қарши ўйинлар ўтказади. Гуруҳдаги тўртинчи слотни Ямайка, Янги Каледония ва Конго жамоалари ўртасидаги плей-офф ғолиби қўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 баҳслари 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ўзбекистон бу турнирда ўз тарихида илк бор иштирок этади.

Гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган жамоаларнинг энг яхши кўрсаткичга эга 8 таси плей-оффга чиқади.

Қуръа ташлаш маросимида ЎФА раҳбарияти, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро, мураббийлар штаби ҳамда ФИФА томонидан махсус таклиф этилган ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимов иштирок этди.