АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти миграцияга қўйилган тақиқни 19 та давлатдан 30 дан ортиқ давлатгача кенгайтириш ниятида, деб хабар бермоқда Reuters.

Ноэмнинг баёноти ўтган ҳафта Оқ уй яқинида АҚШ Миллий гвардиясининг икки ходимига ҳужум уюштирилганидан кейин янгради. Ҳарбийлардан бири олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Отишмада гумон қилиниб, 2021 йилда АҚШга кириб келган Афғонистон фуқароси қўлга олинган.

«Мен рақамни аниқлаштирмайман, аммо у 30 дан ошади ва президент мамлакатларни баҳолашда давом этмоқда», — деди Ноэм Fox News телеканалига берган интервьюсида мамлакатлар рўйхатини 32 тагача кенгайтириш ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

У рўйхатга қайси давлатлар киришига аниқлик киритмади.

«Агар муҳожирларнинг мамлакати барқарор ҳукуматга эга бўлмаса, агар у мустақил мавжуд бўла оладиган давлат бўлмаса, бизга бу одамларнинг кимлигини маълум қилмаса ва уларни текширишимизга кўмаклашмаса, нима учун биз бу одамларни Америка Қўшма Штатларига киритишимиз керак?» — деди Ноэм.

  • 2025 йил июнь ойида Дональд Трамп Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг 19 давлати, жумладан, Афғонистон ва Туркманистон фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаш ва чеклаш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Бу мамлакатлар АҚШ учун юқори хавф туғдириши эътироф этилган.
  • Оқ уй яқинидаги отишмадан сўнг АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати ушбу 19 мамлакатдан келган барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди.
  • Аввалроқ Трамп «барча учинчи дунё мамлакатларидан» АҚШга миграцияни «абадий тўхтатиш», АҚШ фуқароси бўлмаганлар учун барча федерал имтиёзлар ва субсидияларни тўхтатиш, шунингдек, «мамлакат ички тартибига путур етказувчи» муҳожирларни фуқароликдан маҳрум қилишга ваъда берганди.